Ўзбекистон | 10:11 / 18.10.2018
7172
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЯИМ январь-сентябрь ойларида 5,2 фоизга ўсди

Фото: KUN.UZ

Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь – сентябрида Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми жорий нархларда 244 343,7 млрд. сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 5,2%га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилнинг январь – сентябридаги нархларга нисбатан 131,6 фоизни ташкил этди. 

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 7 433 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5%га юқоридир.

Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат (кейинги ўринларда ЯҚҚ) ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 86,3%ини ташкил этди ва 5,3%га ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 4,6 фоиз пунктни ташкил этди). 

Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 13,7%ни ташкил этди ва 4,5 % даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 0,6 ф.п.).

ЯИМ ўсиш суръатига хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди (2,5 ф.п.) ва бу соҳа ўтган йилнинг январь-сентябрига нисбатан 6,0%га ўсди. Шундан, савдо хизматлари (автотранспорт воситаларини таъмирлашни қўшган ҳолда) 3,9%га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар 5,6%га, ташиш ва сақлаш 3,9%га, ахборот ва алоқа 17,0%га ва бошқа хизматлар 6,4%га ўсди.

Мавзуга оид