Жаҳон | 10:30 / 19.10.2018
32591
4 дақиқада ўқилади

Ядро қуроли, Трамп билан муносабатлар ва миллатчилик ҳақида. Путин «Валдай»да нималар деди?

Фото: РИА Новости / Сергей Мамонтов

Владимир Путин “Валдай” мунозаралар клубида иштирок этиб, экспертлар саволларига жавоб қайтарди. Қуйида унинг айрим жавоблари билан танишишингиз мумкин.

Керчдаги фожиа ҳақида

Путин Керчдаги коллежда содир бўлган фожиа глобаллашув натижаси эканлигини айтди.

“Ижтимоий тармоқларда, интернетда тўлақонли жамиятлар тузилганини кўриб турибмиз, ҳаммаси Қўшма Штатлардаги мактаблардаги фожиали воқеалардан бошланган”, — деди Россия президенти.

У интернетда ёшлар учун керакли маълумотлар жудаям камлигини ва шунинг учун унинг ўрнини салбий нарсалар эгаллаганлигини қайд этди.

“Руҳияти барқарор бўлмаган ёшлар қандайдир сохта қаҳрамонларга тақлид қилишмоқда, бу эса барчамиз, нафақат Россияда, балки бутун дунёда ўзгаришларга етарлича эътибор бермаётганлигимиздан далолат беради”, — таъкидлади Путин.

Ядро қуроли ҳақида

Путин ядро қуролининг қўлланилиши бутунжаҳон фалокатига тенг эканлигини ва Россия бунинг ташаббускори бўлмаслигини таъкидлади.

“Бу вазиятда бизга қарши ядро қуроли қўлланилишини кутамиз”, — қайд этди Россия президенти.

Унинг сўзларига кўра, Москва фақатгина унинг ҳудудига ядровий зарба берилганида ядро қуролидан фойдаланади.

“Биз Россия ҳудудига ҳужум бўлганига ишонч ҳосил қилганимизда, бу эса бир неча сония ичида аниқ бўлади, жавоб зарбасини берамиз. Бу биз томонга келаётган зарба учун тажовузкорга жавоб бўлади”, — таъкидлади Путин.

У Россияга қарши ким ядровий қурол ишлатадиган бўлса “тажовузкор қасосдан қочиб қутулолмаслигини, у йўқ қилиб юборилишини билиши лозимлигини” айтди.

“Биз, тажовуз қурбонлари жаннатга тушамиз, улар эса тавба қилишга ҳам улгурмасдан ўлиб кетишади”, — қўшиб қўйди Россия президенти.

Трамп билан муносабатлар ҳақида

Путиндан АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашуви таассуротлари ҳақида ҳам сўрашди.

У музокараларни йўққа чиқаришга уринишларга қарамасдан, учрашув ижобий ўтганини қайд этди.

“У ерда нималар содир бўлаётганини кўриб турибмиз. Бир-бири билан тўхтовсиз талашиб-тортишишдан кўра ўзаро мулоқот қилган маъқул”, — деди Путин.

“Тўғри миллатчилик” ҳақида

Владимир Путин Россия қийинчиликларни қандай енгиб келаётганига ҳам тўхталди.

“Аввало, шунинг учунки, аввалдан бу давлатни ташкил этган миллатлар ва турли динлар вакилларига нисбатан тоқатли муносабат шаклланган. Бу Россия мавжудлигининг асосидир”, — деди у.

Россия раҳбари давлат ичидаги миллатларга нисбатан беҳурматликни ўз ичига олган “ғор миллатчилиги” ва “тўғри миллатчилик” ўртасида фарқ борлигини айтди. 

Унинг сўзларига кўра, бошқа миллатларни камситиш мамлакатни парокандаликка олиб келади.

Биологик қурол ҳақида

Путин Грузия ҳудудида генетик синовлар ўтказилаётганлиги ҳақида эшитганини айтди. Унинг сўзларига кўра, агарда дарҳақиқат бундай синовлар ўтказилаётган бўлса, бу “жуда хавфли ва генетика соҳасидаги сўнгги ютуқлар билан боғлиқ” эканлигини билдирди.

“Айтишларича, ҳайвонлар устида шундай тажрибалар ўтказилмоқда. Итлар, каламушларда... дастлабки қиёфани буткул ўзгартириб юборадиган ҳолатлар содир бўлмоқда. Агарда бу рост бўлса, у жуда катта таҳдиддир. Бунга қарши қандай курашиш керак – англашимиз лозим, ҳамма тушуниши шарт, ҳеч нарса йўқ ердан пайдо бўлмайди ва йўқ бўлиб қолмайди. Кимдир бунга киришган бўлса, бошқалар ҳам шу билан шуғулланишларини англаши даркор. Яхшиси, ўта нозик бу соҳада ягона қоидаларни ишлаб чиқиш лозим”, — деди у.

“Валдай” халқаро мунозаралар клуби Россиянинг ташқи ва ички сиёсатини ўрганишга ихтисослашган таниқли экспертларнинг йиғилишидир. Клуб 2014 йилда ташкил этилган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид