Жаҳон | 18:55 / 20.10.2018
9010
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда сайловлар куни портлашлар серияси, 15 киши ҳалок бўлди

Фото: EPA-EFE/JAWAD JALALI

Афғонистонда шанба куни бўлиб ўтаётган парламент сайловларида содир этилган ҳужумлар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, 110дан ортиқ инсон жароҳатланди. Бу ҳақда Pajhwok агентлиги Twitter’даги саҳифасида хабар берди.

Шу билан бирга, давлат агентлиги қандай турдаги ҳужумлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг маълумотларига кўра, пойтахтда сайлов участкалари ёнида ҳаммаси бўлиб 15тага яқин портлаш содир бўлди. Ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, 15та ҳодиса фақат пойтахтда эмас, балки бутун мамлакат бўйлаб рўй берганлигини хабар қилди. Бунда қўлбола портловчи қурилмалардан фойдаланилгани айтилади.

Фото:  EPA-EFE/JAWAD JALALI

Шанба куни Афғонистоннинг 32 вилоятида сайлов участкалари очилди, фуқаролар мамлакат парламентининг Халқ палатаси (қуйи палата) депутатларини сайламоқда. Сайлов куни сайловчиларни ҳимоя қилиш учун 70 мингдан зиёд ИИВ ходими ва ҳарбий хизматчилар жалб этилди. Хавфсизлик тузилмалари «Толибон» радикал ҳаракати томонидан таҳдидлар туфайли оширилган жанговар шай ҳолатга келишди, ушбу ҳаракат сайловлар ўтказилишига қарши чиқмоқда.

Мавзуга оид