Жаҳон | 21:50 / 22.10.2018
43616
14 дақиқада ўқилади

Дунё янги қуролланиш пойгаси арафасида(ми?)

РИА Новости © Вадим Савицкий

20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар ўрта ва қисқа масофаларга учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқишини маълум қилди. Бу Россия ва Европада кескин фикрлар уйғотди. Мазкур шартномада нималар кўзда тутилган ва унинг Россия-АҚШ муносабатларида тутган ўрни қандай?

Қуролланиш пойгаси

1970-йиллар ўрталарида дастлаб АҚШда, сўнгра СССРда ракеталарни нишонга йўналтиришнинг лазерли, инфрақизил ва телевизион бошқарувли тизимлари яратилди. Бу ракеталарнинг нишонга аниқ тегиши имконини берди (30 метргача аниқликда). Экспертлар ядровий зарбанинг янги тури – рақиб томон жавоб зарбаси бергунига қадар уни йўқ қилиб ташлайдиган қурол ҳақида гапира бошлашди.

1973 йил 17 августда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Шлезингер йўқ қилувчи зарба концепциясини АҚШ ядровий сиёсатининг асоси деб эълон қилди. Бунда ўрта ва яқин масофа воситаларига устуворлик берилди.

АҚШ доктринасини амалга ошириш мақсадида Ғарбий Европада жойлаштирилган олд база тизимларини модификация қилишга киришилди. Ушбу лойиҳа доирасида сувости қайиқлари ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни модификация қилиш бўйича Америка-Британия ҳамкорлиги кучайди. 1974 йилда Буюк Британия ва Франция умумий мудофаа тизими, жумладан ядровий соҳани ривожлантиришга қаратилган Оттава декларациясини имзолади.

Бу ҳаракатлар СССРни ташвишга солди. 1976 йилда АҚШга нисбатан кескин жавоб қайтаришга мойил Д. Устинов СССР мудофаа вазири этиб тайинланди. 1977 йили СССР эскирган РСД-4 ва РСД-5 мажмуаларини модификация қилиш баҳонасида ғарбий чегараларда ўрта масофага мўлжалланган РСД-10 «Пионер» ракеталарини жойлаштиришга киришди. Ҳар бири учтадан жанговар блокка эга бўлган жами 300га яқин ракета жойлаштирилди. Бу СССРга НАТОнинг Ғарбий Европадаги инфратузилмасини – бошқарув марказлари, қўмондонлик пунктлари ва портларини саноқли дақиқаларда йўқ қилиб ташлаш имконини берарди.  

Бунга жавобан НАТО кенгаши 1979 йил 12 декабрда 1983 йилгача Европада 572та Першинг-2 ракетасини жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Першинг-2 ракеталарининг парвоз вақти камлиги (6-8 дақиқа) АҚШга советларга қарши биринчи бўлиб зарба бериш имкониятини яратарди. Шу билан бирга, НАТО давлатлари 1983 йилгача совет ракеталари муаммосини ҳал қилиш учун музокаралар бошлашга келишиб олишди.

Музокаралар

Жимми Картер маъмурияти Европада «евроракеталар» жойлаштириш борасида иккиланарди. 1980 йил октябрда Европада ядровий қуролларни чеклаш борасида музокаралар бошланди. Аммо ўша йилнинг ноябрида АҚШдаги президент сайловларида республикачи Рональд Рейган ғалаба қозонди. 1981 йилда унинг маъмурияти «нолли вариант»ни таклиф қилди — АҚШ Европада ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ва қанотли ракеталарни жойлаштирмайди, СССР эса ўзининг РСД-10 «Пионер» ракеталарини йўқ қилади. Бироқ СССР бу таклифни рад этди. Чунки биринчидан, Европада Америка ракеталари йўқ эди ва совет раҳбарияти «Пионер»ларни йўқ қилишни «йўқ нарса»га алмашиш деб баҳолади. Иккинчидан, бу таклифда СССРГа хавф соладиган Буюк Британия ва Франциядаги ракеталар ҳисобга олинмаганди. Рейганнинг таклифига жавобан Л. Брежнев «мутлақ ноль» дастурини таклиф қилди. Унга кўра, РСД-10 йўқ қилинишига АҚШ «Першинг-2»ни жойлаштирмаслик ҳамда Европадан тактик ядровий қуролини олиб чиқиб кетиш, олд база тизимини йўқотиш ва Британия ва Франциядаги ракеталарни йўқ қилиш билан жавоб қайтариши лозим эди. АҚШ бу таклифни қабул қилмади.

1982 йилда совет томони янги таклиф билан чиқди. СССР умумий келишувга эришилгунига қадар РСД-10 «Пионер» ракеталарини жойлаштиришга нисбатан мораторий эълон қилди. Бундан ташқари, РСД-10 «Пионер»лар сонини Франция ва Британиядаги ракеталар сонига қадар камайтиришни таклиф қилди. Аммо Франция ва Буюк Британия ўз ядровий қуролларини «мустақил» деб эълон қилди ва Америка ракеталарининг Ғарбий Европада жойлаштирилиши муаммоси СССР-АҚШ муносабатларига тааллуқли эканини билдирди.

Брежнев вафотидан сўнг 1982 йил ноябрда СССРда ҳокимият тепасига Ю. Андропов келди. 1983 йил сентябрда америкаликлар Буюк Британия, Италия, Бельгия ва Нидерландия ҳудудида ўз ракеталарини жойлаштиришга киришди. Ноябрда бундестаг ГФР ҳудудида «Першинг-2» ракеталарини жойлаштириш учун овоз берди. Бу СССРнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. 24 ноябрь куни Андропов Европада ядровий уруш хавфи ортганини, СССР евроракеталар бўйича Женева музокараларидан чиқишини ҳамда ГДР ва Чехословакия ҳудудида ОТР-23 «Ока» ракеталари жойлаштирилишини эълон қилди. Уларнинг таъсир доираси 450 километргача бўлиб, бутун ГФР ҳудудини нишонга олишга қодир эди. Шу билан бир вақтда СССР атом сувости кемаларини АҚШ соҳиллари яқинига олиб келди. 1984 йил ёзида АҚШ Европада нейтронли жанговар каллакларга эга «Lance» оператив-тактик ракеталарини жойлаштиришини маълум қилди.

1985 йил мартда М.Горбачёв ҳукумат тепасига келганидан сўнг музокаралар янгиланди. 1985 йил ёзида Горбачёв Чехословакия ва ГДРда ОТР-23 «Ока» ракеталарини жойлаштиришга мораторий қўйди. 1986 йил январда Горбачёв ядро қуролини бутун дунёда босқичма-босқич йўқотиш дастурини эълон қилди.

Ўша йилнинг кузида СССР РСД-10 ракеталарини Урал ортига олиб кетиш, АҚШни эса «Першинг-2» ва қанотли ракеталарни Шимолий Америкага олиб кетишни таклиф қилди. Президент Рейган бунга рози бўлди, бироқ Япония бу таклифга қаршилик кўрсатди. Натижада ушбу таклиф амалга ошмади.

Музокаралар натижаси

1987 йил. КПСС ЦК бош котиби Михаил Горбачёв ва АҚШ президенти Рональд Рейган Оқ уйда 
Фото: Ronald Reagan Presidential Library

1987 йил сентябрда Вашингтонда СССР ташқи ишлар вазири Э. Шеварднадзе ўтказган музокараларда ниҳоят муросага келинди.

Ўша йилнинг 8 декабрь куни Вашингтон шартномаси имзоланди ва 1988 йил 1 июндан кучга кирди.

Шартномага кўра, томонлар ўрта (1000-5,5 минг км) ва кичик (500-1000 км) масофаларга мўлжалланган барча баллистик ва қанотли ракеталар мажмуаларини йўқ қилишга ҳамда келгусида бундай ракеталарни ишлаб чиқармаслик, синовдан ўтказмаслик ва жойлаштирмасликка келишишди.

Ҳужжатга мувофиқ, томонлар уч йил ичида 500дан 5,5 минг километргача масофага мўлжалланган барча учириш қурилмалари ва ракеталарини йўқ қилиши лозим эди. Ҳужжатда ракеталарнинг йўқ қилиниш жараёни икки томон инспекторлари томонидан кузатиб турилиши кўзда тутилганди.

Шартноманинг бажарилиши

Шартнома кучга кирганидан сўнг орадан 18 ой ўтгач, ҳар икки томон кичик масофага мўлжалланган барча ракеталарини ва уларни учириш қурилмаларини йўқ қилди. Уч йил давомида эса ўрта масофага мўлжалланган ракеталар ҳам йўқ қилинди. 1991 йил июнига келиб шартнома бажарилди: СССР 1846та ракета мажмуасини (уларнинг ярмига яқини ишлаб чиқарилган, лекин жанговар навбатчиликда бўлмаган ракеталар), АҚШ эса 846та мажмуани йўқ қилди.

Ўзаро айбловлар

2007 йил 15 февралда Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Юрий Балуевский Шарқий Европада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа тизимлари жойлаштирилишига жавобан барча шартномавий-ҳуқуқий тизим қайта кўриб чиқилишини билдирди. У хусусан Россия бир томонлама тартибда Ўрта ва кичик масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқиши мумкинлигини айтди.

АҚШнинг ракетага қарши мудофаа тизимларини чеклаш тўғрисидаги шартномадан чиқиши ҳақидаги хабарга жавобан Россия президенти Владимир Путин ҳам (2000 йил июнда) Россиянинг ушбу шартномадан чиқиш эҳтимоли ҳақида шунга ўхшаш баёнот берганди.

2013 йил июнда Путин СССРнинг ўрта масофага мўлжалланган ракеталардан воз кечиш ҳақидаги қарорини «камида баҳсталаб» деб атади ва Россиянинг шартномадан чиқиши эҳтимоли ҳақида гапирди.

2014 йил июлида АҚШ президенти Барак Обама Владимир Путинга мактубида Россияни ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни синовдан ўтказишда айблади. АҚШ томонининг таъкидлашича, Россия 2008—2011 йилларда шартномани бузган ҳолда 500 километрдан узоққа учувчи қанотли ракета синовини ўтказган. 2017 йилда Америка нашрларида тақиқланган ракета аллақачон жойлаштирилгани ҳақида ёзилди. Россия расмийларининг таъкидлашларича, бу ракетанинг таъсир масофаси 500 километрдан камроқ.

Россия томонининг фикрича, АҚШ Европада ракеталарга қарши мудофаа қурилмаларини ўрнатиш билан шартномани бузмоқда. Бу қурилмалардан ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ракеталарга ўхшаш қанотли ракеталарни ўрнатишда фойдаланиш мумкин.

2017 йил 2 августда АҚШ конгрессида АҚШнинг шартномадан чиқиш имконияти муҳокама қилинди. Ўша йилнинг 19 октябрида «Валдай» форумида Владимир Путин АҚШ шартномадан чиқишга уринадиган бўлса, «Россия зудлик билан ва худди шундай тарзда жавоб қайтаришини» айтганди.

Трампнинг «жавоб юриши»

Фото: GETTY IMAGES

Шу йилнинг 20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Ўрта ва кичик масофаларга учувчи ракеталар бўйича шартномадан чиқишини маълум қилди.

Америкаликлар раҳбари «Россия бу келишувни кўп вақтдан буён бузиб келаётгани»га жавобан шундай қадам ташлаганини билдирди.

«Биз мазкур келишувни бекор қилмоқчимиз, кейин Россия ва Хитой янги келишувга рози бўлмагунга қадар қуролланишни ривожлантиришда давом этамиз», деди у (аслида Хитойнинг бу шартномага алоқаси йўқ).

Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотга таҳдидона жавоб қайтарди.

ТИВ раҳбари ўринбосари Сергей Рябков америкаликлар халқаро келишувлардан ўта қўполлик билан чиқаётганини қайд этди.

«Америкаликларда Россияни бу келишувни бузгани ҳақида айблаш учун асос йўқ», деди дипломат.

«Бу ҳолда биз жавоб чоралари қўллашга мажбур бўламиз. Хусусан, ҳарбий-техник характердаги чоралар. Аммо иш бунгача етиб боришини истамаймиз», —  дея қўшимча қилди у.

Германия вазирлар маҳкамаси вакили Ульрике Деммер эса ГФР ҳуқумати АҚШнинг ушбу шартномадан чиқишидан таассуфда эканлигини ва бу қарор оқибатлари НАТО бўйича ҳамкорлар доирасида муҳокама қилинишини билдирди.

22 октябрь куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Москвага келгани хабар қилинди.

Болтон ташрифи давомида Россия президенти Владимир Путин ва хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашади. Душанба куни у Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашиши режалаштирилган.

Учрашувларда АҚШнинг Ўрта ва кичик масофаларга учувчи ракеталар бўйича шартномадан чиқиши мавзуси муҳокама қилинади.

Дунёдаги бугунги вазият

Бугунги кунда бутун дунёда ҳарбий харажатлар ўсиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, жаҳон бўйича жами ҳарбий харажатлар 1,739 триллион долларни ташкил этган — бу совуқ уруш тугаганидан буён мутлақ рекорд ҳисобланади.   

АҚШ ушбу пойганинг мутлақ рекордчиси ҳисобланади. 2002 йилдан 2017 йилгача Қўшма Штатлар 2,8 триллион доллар сарфлаган. 2017 йилда йиллик ҳарбий харажат борасида ҳеч бир давлат АҚШ сарфлаган маблағнинг ярмига ҳам ета олмаган – 610 миллиард доллар.  Бу бутун дунёдаги ҳарбий харажатларнинг 35 фоизини ташкил этади.

Шу йилнинг июлида АҚШ президенти Дональд Трамп Европа бўйлаб турнеси давомида НАТО аъзоларини ҳарбий харажатларни икки бараварга – ЯИМнинг икки фоизидан тўрт фоизга оширишга чақирди. Америка президенти АҚШ НАТО ичида ўз ҳарбий харажатларини мунтазам ошириб бораётганидан, иттифоқчилар эса бундай қилишмаётганидан норози бўлди. 2017 йилда 29 мамлакат аъзо НАТОнинг жами ҳарбий харажати 946 миллиард долларни ташкил этди.  

Европада ҳарбий харажатлар бўйича 2017 йилда Франция етакчилик қилди: 57,8 миллиард доллар (ЯИМнинг 2,3 фоизи). Иккинчи ўринда ЯИМнинг 1,8 фоизини ташкил этувчи 47,2 миллиард доллар харажат билан Буюк Британия жойлашган. Юқори учликдан 44,3 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 1,2 фоизини сарфлаган Германия ҳам ўрин олган.

Кейинги ўн йилликда Африка ва Жанубий Америкада ҳарбий соҳадаги харажатлар ошди. 2008 йилдан буён ушбу соҳага инвестициялар Лотин Америкасида 17 фоизга ва Африкада 28 фоизга ўсган.

Ҳарбий харажатлар борасида Бразилия етакчи – 29,3 миллиард доллар. Ўн йилдан буён бу давлат мудофаага ЯИМнинг 1,4 фоизини сарфлаб келмоқда.

Осиё давлатлари орасида Хитой, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея давлатлари ҳарбий соҳага энг кўп маблағ сарфлади. Масалан, Хитой ўтган йили 228 млрд доллар,  Саудия Арабистони 69,4 млрд доллар, Ҳиндистон 63,9, Япония 45,4 ва Жанубий Корея 39,2 млрд доллар харажат қилган.

Осиё давлатлари орасида Саудия Арабистони ЯИМнинг 10 фоизини ҳарбий харажатларга ажратиши билан етакчи. 

Россия ҳарбий харажатлар бўйича дунёда тўртинчи ўринда: бу давлат ўтган йили 66,3 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 4,3 фоизини ҳарбий соҳага сарфлаган.

Бугунги кунда жаҳонда 8 давлат ўз ядро қуролига эга. Булар АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва КХДР. Шунингдек, Исроилда ҳам ядро қуроли мавжудлиги тахмин қилинади.

АҚШнинг Корея яриморолини ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш мақсадида КХДР билан музокаралар олиб бориши манзарасида Россия билан муносабатлари кескин тус олмоқда. АҚШ шунингдек, Эрон ва Хитой билан ҳам баҳсли ҳолатда.

Дональд Трамп шу йилнинг майида АҚШ Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқишини ва унга қарши янги санкцияларни жорий қилишини билдирган бўлса, Хитой билан савдо уруши аллақачон бошлаб юборилган.

Умид қиламизки, дунёнинг ҳарбий-сиёсий жиҳатдан энг қудратли давлатлари муроса йўлини топишади ва сайёрамиздаги тинчликка рахна соладиган низолар содир бўлмайди.

Дилшодбек Асқаров тайёрлади

Мавзуга оид