Кўпчиликни бир савол қизиқтиради – атом бомбалар ҳақида гап кетаркан, бу борада АҚШ кучлими ёки СССРнинг ҳуқуқий ва ҳарбий вориси ҳисобланган Россиями? Экспертлар бу саволга қуйидагича жавоб беришган: «Тасаввур қилинг, сиз ва душманингиз бензин тўла идиш ичидасиз. Сизда учта гугурт бор, душманингизда эса бешта. Хўш, битта чақин билан ҳамма ёниб кетиши мумкин бўлган урушда гугуртлар сонининг энди нима аҳамияти бор?»
Чиндан ҳам айни пайтда дунёдаги атом қуроллари сони шу даражадаки, бутун ер юзини кунпаякун қилиб ташлаш учун етарли. Аммо қудратли мамлакатлар бундай қуролларини мунтазам равишда такомиллаштиришда, миқдорини оширмаган ҳолда қувватини кучайтириб боришда давом этмоқда.
Шунингдек, ядро қуролини чеклаш бўйича қатор икки томонлама шартномалар имзоланганига қарамай ядро клубига аъзо давлатлар бу шартномаларни четлаб ўтувчи ракетага қарши мудофаа тизими, бу тизимни ёриб ўтувчи тизим каби янги йўналишларда иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда қайси давлатларда ядро қуроли бор?
- АҚШ. Атом бомбасининг ўзига хос «ватани» (1945 йил). Бу йўналишда илк тадқиқотларни олиб борган, дастлабки синов портлашларни ўтказган ва бевосита жанговар тарзда қўллаган (Нагасаки ва Хиросима) ягона давлат;
- СССР/Россия. 1949 йилда АҚШ билан қуролланиш пойгасига киришган ва давом эттираётган, ўз ҳудудида қатор синовлар ўтказган;
- Буюк Британия, 1952 йилда бундай қуролга эга бўлган, ўзига тегишли оролларда синов ўтказган;
- Франция, 1960 йилдан атом бомбасига эга, Жазоир ҳудудида ўз қуролини синаб кўрган;
- Хитой, 1964 йил, ўз ҳудудида қатор синовлар ўтказган;
- Ҳиндистон, 1974 йил, синовлари бўйича тасдиқланган маълумотлар йўқ;
- Покистон, 1998 йил тасдиқланган, синовлар ҳам шу йили ўтказилган;
- КХДР, 2006 йил, синовлар ўз ҳудудида ўтказилган ва ўтказилмоқда;
- Исроил, тахминан 1979 йилдан бери атом қуролига эга, лекин бу фактни ё рад этади, ё изоҳсиз қолдиради. Аммо атом қуролини ишлаб чиқишда яҳудий олимларнинг роли катталиги ва бошқа қатор фактлар ҳисобга олинса, Исроилда ядро қуроли бор дейиш мумкин.
Бундан ташқари, Беларусь, Украина ва Қозоғистон каби давлатларда ҳам СССР атом бомбалари сақланган. Бу давлатлар мазкур қуроллардан Россия фойдасига воз кечишган. ЖАРда ҳам 1979-1989 йилларда атом бомбаси бўлган, аммо ЖАР тинчлик учун атом бомбасидан бутунлай воз кечган илк давлатга айланган.
















