22:31 / 23.10.2018
10903

Японияга экспорт маҳсулотларининг янги рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси жануби-шарқий Осиё мамлакатлари билан доимий равишда музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Япония давлатининг карантин хизмати мутахассислари билан ўтказилган музокаралар жараёнида Ўзбекистондаги экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотларининг янги рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, қовун, анор, узум, саримсоқ, шунингдек, қуритилган, музлатилган мева ва сабзавотлар каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Японияга экспорт қилинади.

Келишувга кўра, эндиликда Япония давлатига экспорт қилинаётган қуритилган мева ва сабзавот маҳсулотларига «Ўздавкарантин» инспекцияси томонидан тупроқ ва карантин зараркунандаларидан холи эканлиги тўғрисидаги фитосанитар сертификат берилган бўлса, ҳеч қандай карантин рухсатномаси талаб этилмайди.

Кунчиқар мамлакатга Ўзбекистон мутахассислари экспорт қилинадиган мева ва сабзавотлар сафини кўпайтириш мақсадида аччиқ қалампир, гилос, лимон, олма ва олхўри маҳсулотларининг фитосанитар хавф таҳлили ҳақидаги техник маълумотларни юборган.

Маълумот ўрнида: Дунёнинг аксарият мамлакатларида импорт қилинадиган маҳсулотларнинг хавфсизлигини илмий ўрганиш учун фитосанитар хавф таҳлили амалга оширилади. Фитосанитар хавф таҳлили учун экспорт қилувчи давлат сўровномага мувофиқ (экспорт маҳсулоти етиштириш учун уруғлар сотиб олишдан бошлаб) батафсил маълумотни тақдим этиши керак. Маҳсулотларни импорт қилиш бўйича ижобий хулосани кўриб чиқиш ва тақдим этиш жараёни одатда, 3-4 ойдан бир неча йилгача давом этади.

Бундан ташқари, Япониянинг карантин хизмати томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чегара пунктига олиб киришда, маҳсулот микотоксинлар ва афлатоксинлар мавжудлиги, пеститсидларнинг рухсат этилган даражаси Японияда қабул қилинган стандартларга мувофиқ текширилади.

Top