«Барселона»нинг Мессисиз ғалабаси ва Салоҳнинг янги рекорди. ЕЧЛда тур якунлари
24 октябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигасида яна 4 гуруҳда 3-тур учрашувлари ўтказилди. Салоҳнинг «Ливерпуль»даги 50-голи, «ПСЖ»нинг омадсизлиги, «Атлетико»нинг Симеоне давридаги энг йирик мағлубияти, гипсдаги Месси ва Льориснинг четлатиши «Трибуна» таҳлилида келтирилади.
Симеоне ҳали бундай мағлубиятга учрамаганди
«А» гуруҳи
«Боруссия» Д (Германия) – «Атлетико» (Испания) 4:0 (1:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 38 Витцель, 2:0 – 73 Геррейру, 3:0 – 83 Санчо, 4:0 – 89 Геррейру.
Боруссия Д – Бюрки, Пишчек, Диалло, Загаду, Хакими, Витцель, Дилэйни (Дауд, 35), Пулишич (Санчо, 79), Гетце, Бруун Ларсен (Геррейру, 63), Ройс.
Атлетико – Облак, Хуанфран, Годин, Люка Эрнандес, Филипе Луис, Парти (Родри Эрнандес, 46), Сауль (Корреа, 70), Коке, Лемар, Диего Коста, Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Диалло (13), Парти (35), Лемар (45), Филипе Луис (82), Диего Коста (87), Загаду (90), Корреа (90).
«Асаларилар» жамоаси асосий ҳужумчи Пако Алькасернинг йўқлигини билдиришмади. Люсьен Фавр майдонга тоза ҳужумчисиз таркибни туширишга мажбур бўлганди. «Ёлғончи тўққизлик» ролини Марко Ройс бажарди, бу ўйин унинг фаолиятидаги 50-еврокубок ўйини бўлди. Бундай таркиб билан «Боруссия» ҳужумлари янада ранг-баранг кўриниш олди, футболчилар доимий равишда жойларини ўзгартириб туришди.
Биринчи бўлимда Витселнинг зарбаси ҳимоячилардан бирига тегиб, йўналишини ўзгартирди ва Облак ҳеч нарса қила олмади.
Иккинчи бўлимда «Атлетико» ўзига келди ва ҳужум уюштира бошлади. Аммо тўп икки марта дарвоза устунидан қайтди.
Лекин иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида захирадан ўйинга қўшилган португалиялик ҳимоячи Рафаэл Геррейру дубль қайд этди, мавсум кашфиётига айланган Санчо ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Голлардан 3тасига бу мавсум учун «Реал»дан ижарага олинган Ашраф Ҳакимий ҳаммуаллифлик қилди.
Диего Симеоне «Атлетико» мураббийлигида 2011 йил декабридан буён 391 ўйин ўтказиб, бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлмаганди. «Атлетико» гуруҳдан чиқиши аниқ, аммо биринчи ўринни эгаллаши катта сўроқ остида. «Боруссия» нафақат Германияда, балки Европа миқёсида ҳам кучли жамоалардан бирига айланганини исботлади.
«Брюгге» (Бельгия) – «Монако» (Монако) 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 31 Силла, 1:1 – 39 Уэсли.
Брюгге – Летица, Пулен, Мехеле, Денсвил, Накамба, Влитинк (Мата, 83), Бонавентуре (Диатта, 90), Вормер, Ванакен, Резаеи (Опенда, 79), Уэсли.
Монако – Бадиашиле, Раджи, Глик, Жемерсон, Сидибе (Хенрихс, 64), Аит-Беннассер, Тилеманс, Шадли, Головин, Силла, Йоветич (Диоп, 12; Ахолу, 73).
Огоҳлантиришлар: Сидибе (44), Жемерсон (57), Накамба (64), Уэсли (85), Бонавентуре (89), Тилеманс (90).
Кейинги йилларда еврокубокларда муваффақиятли иштирок этиб келган, бир марта Францияда «ПСЖ»нинг гегемонлигига чек қўйишга эришган «Монако» бу мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлади. Монегаскликлар жамоаси чемпионат ўйинида биринчи ва охирги ғалабасига 11 августда эришган, кейинги 9 тур давомида жамоа турнир жадвалида пастга шўнғишда давом этган.
Чемпионлар лигасида ҳам жамоанинг аҳволи чатоқ. Аввалига ўз майдонида «Атлетико»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа, иккинчи турда Дортмундга сафарида 3та жавобсиз гол қабул қилиб олди. «Брюгге»га қарши ўйинлар олдидан бош мураббий Леонарду Жардимни истеъфога чиқариб, франциялик собиқ футболчи Тьерри Анрини олиб келган раҳбарият кучсиз рақибга қарши ўйинларда вазиятни ўнглаб олишга умид қилганди.
Анрида ҳужум чизиғи учун танлов кўп эмасди. Ҳужумчилар Пеллегри, Фалькао, Жеббель ва Рони Лопеш жароҳат олишган. «Брюгге»га қарши ўйин бошидаёқ Йоветич жароҳат олиб, унинг ўрнини Диоп эгаллади. Диоп ҳам иккинчи бўлимда алмаштирилди. Ўйинда амалда россиялик яримҳимоячи иккинчи ҳужумчи вазифасини бажарди.
Ўйиннинг 32-дақиқасида Александр Головиннинг узатмасини Мусса Силла дарвоза тўрига жойлади. Аммо 7 дақиқа ўтиб Уэсли ҳисобни тенглаштирди.
Жамоа Бельгияда ҳам ғалабасиз сериясини давом эттирди. Энди «Монако» плей-офф учун эмас, Европа Лигаси йўлланмаси учун «Брюгге» билан кураш олиб боради.
Ҳеч кимга керакмас дуранг
«В» гуруҳи
«ПСВ» (Нидерландия» – «Тоттенҳэм» (Англия) 2:2 (1:1, 1:1)
Голлар: 1:0 – 29 Лосано, 1:1 – 39 Лукас Моура, 1:2 – 54 Кейн, 2:2 – 87 де Йонг.
ПСВ – Зут, Думфрис, Швааб, Виргевер, Тасенде, Росарио, Хендрикс, Лосано, Перейро (Гакпо, 83), Мален, де Йонг.
Тоттенҳэм – Льорис, Триппьер, Санчес, Алдервейрелд, Дэвис, Дайер, Дембеле (Уинкс, 74), Лукас Моура (Ламела, 64), Эриксен, Сон Хин Мин (Ворм, 81), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Дембеле (20), Тасенде (59), Думфрис (90), Росарио (90).
Четлатиш: Льорис (79).
«Келажагимиз шу ўйин натижасига боғлиқ. Босим остида ўзимизни профессионалларча тутиб, ақл билан ўйин кўрсатишимиз керак», деди ўйиндан аввал «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттино. Дастлабки турларда «Интер» ва «Барселона»дан қабул қилиб олинган мағлубиятлардан кейин Лондон жамоаси қийин аҳволга тушиб қолганди.
Лекин Нидерландияда кўзланган натижага эришилмади. Ҳолбуки Почеттино шогирдлари ўйинда устунлик қилишди, буни статистика ҳам кўрсатиб турибди (24 зарбага қарши 11, 9 аниқ зарбага қарши 3).
Эйндховенликлар жамоаси охирги 10 учрашувидан 8тасида гол ўтказмаган, тўплар нисбати 30:3. «Шпорлар» таркиб жиҳатидан Марк ван Боммел жамоасидан кучлилиги аниқ эди. Улар буни ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ исботлашга киришишди, Кейннинг зарбаси устундан қайтди. Аммо Алдервейрелд қўпол хатога йўл қўйди ва ҳисоб Лосано томонидан очилди.
¡GOL DE CHUCKY!
— #ThankYouDeuce (@JogaBonito_USA) 24 октября 2018 г.
Lozano capitalizes on the mistake by Alderweireld, and gives #PSV the 1-0 lead over #Tottenham!#PSVTOT #UCL #ElTri 🇲🇽 pic.twitter.com/Zni6NPSXIP
Биринчи бўлимнинг ўзида ҳисоб тенглашди, Эриксен ва Триппернинг комбинацияси Лукас Моуранинг голи билан якунланди. Иккинчи бўлим бошида эса Эриксеннинг пасидан кейин Кейн жамоасини олдинга олиб чиқди. Бу унинг ЕЧЛдаги 13-ўйинида 11-голни уриши эди.
Harry Kane's close range header gives #Tottenham the 2-1 lead away to #PSV. Great cross by Christian Eriksen.#PSVTOT #THFC #UCL pic.twitter.com/sAEWDFqATQ
— #ThankYouDeuce (@JogaBonito_USA) 24 октября 2018 г.
Аммо жамоа сардори Ллорис жамоани оғир аҳволда қолдирди, 79-дақиқада у жарима майдончасидан ташқарида Лосанони йиқитгани учун майдондан четлатилди.
Кейинги дақиқаларда Ламеланинг ҳам зарбаси устундан қайтди, ўйин охирида де Йонг ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Ҳужумларга бой ўтган ўйиндаги дуранг ҳеч қайси жамоани қаноатлантирмайди. Икки ҳафтадан кейин «Уэмбли»да кечадиган жавоб ўйини гуруҳда ким учинчи ўринни олиб, Европа Лигасида иштирок этишини аниқлаш учун ўтказилади.
«Бундай ўйинда ғалаба қозона олмас эканмиз, гуруҳдан чиқишга ҳақли эмасмиз», деди ўйиндан кейин Почеттино.
Месси қониқиш ҳосил қилди
«Барселона» (Испания) – «Интер» (Италия) 2:0 (1:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 32 Рафинья, 2:0 – 83 Альба.
Барселона – тер Стеген, Серджи Роберто, Пике, Лангле, Альба, Ракитич, Бускетс, Артур (Видаль, 78), Рафинья (Нелсон Семеду, 72), Суарес, Коутиньо (Мунир, 88).
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, Шкриньяр, Миранда, Асамоа, Весино, Брозович, Кандрева (Политано, 46), Валеро (Мартинес, 63), Перишич (Кейта Бальде, 77), Икарди.
Огоҳлантиришлар: Суарес (62), Брозович (73), Шкриньяр (74), Мартинес (85).
Қўлини синдириб олгани учун 3 ҳафтага сафдан чиққан Лионел Месси кепка кийган ва қўли елкасига боғланган ҳолда ўйинни трибунадан туриб кузатди. Унинг севимли жамоаси сардор қаршисида ишончли ўйин кўрсатиб, муҳим ғалабага эришди.
Лионель йўқлиги туфайли ҳужумда Суарес, Коутиньо ва Рафинья учлиги ҳаракат қилди. Дембеле майдонга туширилмади, унинг ўрнига ўтган мавсум «Интер» сафида ўйнаган Рафинья танланди. Суарес ва Рафинья биринчи голни юзага келтиришди - уругвайли ҳужумчи қанотдан дарвозабон ҳудудига аъло даражада тўп етказиб берди ва ҳисоб очилди. Суарес ўйин давомида энг фаол футболчи бўлди, у дарвоза томон 7та зарба берди ва 4 марта ҳал қилувчи пасни амалга оширди. Спаллетти жамоаси эса ўйиннинг асосий қисмини суст ўтказди, жамоага Ража Найнголан етишмаётгани кўриниб турарди. Ёки жамоа «Милан»га қарши ўйинда кўп куч йўқотгани сезилиб қолган. Миланликлар жамоаси ўйиндаги илк зарбасини 78-дақиқага келибгина берди. «Барселона» эса бу вақт давомида Ханданович дарвозаси томон 10дан ортиқ зарба йўллаб улгурганди.
Ўйиннинг охирги қисмида Альба якуний ҳисобни ўрнатди. 83-дақиқада Альба-Видаль-Ракитич «учбурчаги» гол келтирди.
«Интер» «Барселона»нинг Чемпионлар лигасида уй учрашувларидаги мағлубиятсиз сериясини буза олмади. Каталонияликлар «Камп Ноу»да охирги марта 2013 йилнинг 1 майида «Бавария»га ютқазганди (0:3). Шундан кейинги 27 ўйинда ҳеч бир жамоа ЕЧЛ доирасида кўк-анорранглилар майдонидан 3 очко олиб кета олмади.
Каталонияликлар энди биринчи ўринда.
Салоҳнинг янги рекорди
«С» гуруҳи
«Ливерпуль» (Англия) – «Црвена Звезда» (Сербия) 4:0 (2:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 20 Фирмино, 2:0 – 45 Салоҳ, 3:0 – 51, пенальти Салоҳ, 4:0 – 80 Мане.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Гомес, ван Дейк, Робертсон (Морено, 82), Вейналдум, Фабиньо, Шакири (Лаллана, 68), Фирмино, Мане, Салоҳ (Старриж, 73).
Црвена Звезда – Борян, Стойкович, Дегенек, Бабич, Гобелич, Крстичич, Йовичич (Чаушич, 75), Бен-Набуан (Симич, 81), Эбесилио (Йованчич, 65), Срнич, Боачи.
Огоҳлантиришлар: Стойкович (50), Крстичич (55), Йовичич (74), Йованчич (86), Гобелич (88).
Ливерпулдаги ўйинни кўрмаса ҳам бўларди, мезбонлар осонлик билан ғалаба қозонишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Кутилгандек бўлиб чиқди, «Црвена Звезда» ўйин давомида бирор марта ҳам рақиб дарвозаси томон аниқ зарба йўлламади, мерсисайдликлар жамоаси эса меҳмонлар дарвозабонини 4 бор ранжитди.
Ўйиндаги эътиборли воқеалардан бири Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» сафидаги юбилей - 50 голини уриши бўлди. Бу натижага эришиш учун, мисрлик футболчи жамоа сафида 65 ўйин ўтказиши кифоя қилди. У жамоа тарихида энг қисқа муддатда 50талик довонни забт этган футболчи бўлди.
Иккинчи голини пенальтидан урган Салоҳ ҳакам яна бир марта пенальти белгилаганида, тўпни Садио Манега узатди. Аммо сенегаллик ҳужумчининг зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди. Маненинг ўзи ўйин охирида тўртинчи голни урди, унинг бу голи «Ливерпуль» учун ЕЧЛ доирасида уй ўйинларида урилган 100-гол бўлди.
Ўйиндаги яна бир жиҳат: Шачири яна бир марта жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўла олишини исботлади. У биринчи гол урилган ҳужумни бошлаб берди, Салоҳнинг голига ҳам ҳаммуаллифлик қилди.
«ПСЖ» (Франция) – «Наполи» (Италия) 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 29 Инсинье, 1:1 – 61, автогол Мариу Руй, 1:2 – 77 Мертенс, 2:2 – 90 Ди Мария.
ПСЖ – Ареоля, Менье, Маркиньос, Кимпембе, Бернат (Керер, 46), Верратти (Диаби, 83), Рабьо, Мбаппе, Неймар, Ди Мария, Кавани (Дракслер, 76).
Наполи – Оспина, Максимович, Альбиоль, Кулибали, Мариу Руй, Кальехон (Рог, 88), Аллан, Гамшик, Фабиан Руис, Инсинье (Зелиньски, 53), Мертенс (Милик, 84).
Огоҳлантиришлар: Маркиньос (5), Мертенс (9), Мариу Руй (33), Кальехон (81), Максимович (86), Оспина (90), Дракслер (90).
Анчелотти «Наполи» билан собиқ жамоаси меҳмони бўлди. Парижликлар ҳам, неаполликлар ҳам мағлубиятга учрашга ҳақли эмасдилар, биринчи турда «ПСЖ» «Ливерпуль»га мағлуб бўлган, «Неапол» гуруҳ аутсайдери бўлмиш «Црвена Звезда»ни мағлуб эта олмаганди.
Томас Тухель Франция чемпионатининг охирги турида Неймар бошчилигидаги бир қатор етакчи футболчиларга дам берган, Карло Анчелотти эса Мертенс ва Инсиньенинг соғлиги туфайли ташвишда эди. Аммо улар Париждаги ўйинга икки кун қолганида сафга қайтишди. Икки футболчи ҳам ўйин бошиданоқ кетма-кет хавфли вазиятлар ярата бошлашди. Биринчи бўлимда бельгиялик футболчи дарвоза устунини нишонга олди, кейинроқ эса Инсиньени чиройли пас билан таъминлаб, биринчи гол урилишига хизмат қилди.
Ўз навбатида мезбонлар ҳам қатор ҳужумлар уюштириб, қатор голли вазиятлар яратишди. Неймарнинг қулай пасларини Мбаппе ва Кавани йўққа чиқарди.
Иккинчи бўлимда Меньенинг зарбаси Марио Руйга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди ва ҳисоб тенглашди.
77-дақиқада эса Мертенснинг ўзи гол урди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Ди Мариянинг феноменал голи итальянларга 3 очко билан қайтишга имкон бермади.
Энди «ПСЖ» гуруҳда учинчи ўринга тушиб қолди. Томас Тухель жамоаси энди Неаполда кечадиган ўйинда ғалаба қозонишга мажбур.
Истанбулча қурғоқчилик
«D» гуруҳи
«Галатасарой» (Туркия) – «Шальке» (Германия) 0:0 (0:0, 0:0)
Галатасарой – Муслера, Линнес, Майкон, Кабак, Нагатомо (Байрам, 81), Бельханда, Донк, Ндиайе, Гюмюш (Инан, 61), Дердийок (Челик, 70), Родригеш.
Шальке – Нюбель, Стамбули, Сане, Настасич, Калиджури, Сердар, Руди, Ут (Бургшталлер, 90), Мендиль, Эмболо (Маккенни, 82), Коноплянка (Скжибски, 77).
Огоҳлантиришлар: Эмболо (49), Нагатомо (52), Линнес (60), Бельханда (90).
«Галатасарой» тўпни ўзида ушлашга ҳаракат қилди, «Шальке» ўз ҳудудларини назорат қилишга эътибор қаратди. Немислар рақибга нисбатан 4 баробар кўпроқ зарба беришди (мезбонларнинг 2 зарбасига қарши 8 зарба).
Бу ўйинда немислар жамоаси дарвозасини 22 ёшли Нюбель қўриқлади. У ўзининг ЕЧЛдаги дебют ўйинида биринчи бўлим охирида қаҳрамонлик кўрсатиб, жамоани бир неча бор голдан сақлади. Умуман, ўйин дарвозабонлар учун аталди, «Галатасарой» дарвозабони аввалига Коноплянканинг зарбасини дарвоза устуни ёнида тўхтатиб қолди, кейин икки марта Эмболо билан дуэлда ғолиб чиқди. Швейцариялик ҳужумчи ўйиннинг энг омадсиз футболчисига айланди, биринчи вазиятда у икки марта зарба бериб ҳам гол ура олмади, кейинги вазиятда симульяция ишлатгани учун сариқ карточка билан жазоланди, учинчи вазиятда у гол урди, аммо ҳакам офсайд қайд этди.
«Локомотив» (Россия) – «Порту» (Португалия) 1:3 (1:2, 0:1)
Голлар: 0:1 – 26, пенальти Марега, 0:2 – 35 Эррера, 1:2 – 38 Миранчук, 1:3 – 47 Корона.
Локомотив – Гильерме, Игнатьев, Кверквелия, Крыховяк, Хеведес, Миранчук, Баринов, Денисов, Фернандеш (Жемалетдинов, 66), Миранчук, Эдер (Лысов, 81).
Порту – Касильяс, Макси Перейра, Фелипе, Эдер Милитао, Теллес, Данилу Перейра, Оливер Торрес (Базур, 83), Корона (Андре Перейра, 69), Эррера, Браими (Адриан, 82), Марега.
Огоҳлантиришлар: Эдер (25), Оливер Торрес (27), Баринов (50), Корона (59), Игнатьев (84).
Четлатиш: Кверквелия (76).
Москвадаги ўйин бошидаёқ мезбонлар ҳисобни очиш имкониятига эга бўлишганди. Аммо Фернандешнинг 11 метрлик нуқтадан берган зарбасини Икер Касильяс бартараф этди. Кўп ўтмай энди португалияликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди ва бу ишни Марега аъло даражада уддалади. 35-дақиқада Эррера иккинчи голни урди, Миранчук танаффус арафасида жавоб қайтарди. Аммо иккинчи бўлим бошида Корона жамоасининг ишончли ғалабасини таъминлади. Мезбонлар эса ўйинни тўлиқ таркибда якунлай олишмади, 76-дақиқада ҳимоячи Соломон Кверквелия қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Россиянинг амалдаги чемпионлари ишончни оқлай олишмади. Жамоа уч ўйинда уч мағлубиятга учради, тўплар нисбати - 1:7.
Мавзуга оид
11:50 / 24.11.2024
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024