Жамият | 12:58 / 26.10.2018
22541
2 дақиқада ўқилади

Наманганда яшовчи фуқаро 733 минг долларни олиб чиқиб кетишга уринди

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Чуст тумани Ғова қишлоғи яқинидаги чегара ҳудуди орқали жуда кўп миқдордаги хорижий валюталарнинг мамлакатимиздан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди, деб ёзмоқда ЎзА.

Маълум бўлишича, 1984 йил Чуст туманида туғилган А.А. бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, машина юкхонасидаги уч дона полиэтилен пакетда 733 минг АҚШ долларини божхона назорат масканларини четлаб, Қирғизистонга ўтказиш мақсадида кетаётгани аниқланди ва мазкур далилий ашёлар тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Терговолди суриштирув жараёнларида аниқланишича, А.А.ни бу ишга акаси Б.А. ундаган. У 2017 йили худди шу турдаги жиноятни содир этган ва айни пайтда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётганига қарамай, яна қинғирлик кўчасига кириб, бу гал укасини йўлдан урган. А.А.нинг вазифаси Тошкент шаҳрида акаси таништирган шахслардан олган валюта қимматликларини Қирғизистонга ўтказиши керак бўлган Ғова қишлоғида яшовчи жиноий шеригига етказишдан иборат бўлган.

Давом эттирилган тезкор тадбир натижасида А.А.нинг ҳамтовоғи 1979 йил Чуст туманида туғилган, муқаддам судланган О.М. ҳам воқеа жойида қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан дастлабки терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид