Тўрт давлат етакчиси Идлибда узоқ муддатли асосдаги сулҳ сақлаш мажбуриятини олишди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия, Франция, Германия ва Россия етакчилари иштирокида Сурия можаросини тартибга солиш масалаларига бағишланган тўрт томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
Саммит якунларига бағишланган анжуманда Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, агар жангарилар провокацияни давом эттирса Россия Идлиб вилоятида террорчиларни йўқ қилиш учун Сурия ҳарбийларига кўмак бериш ҳуқуқини ўзида қолдиради.
Сурияда зўравонлик даражаси сезиларли тарзда камайганига қарамасдан, у ердаги радикал унсурларни батамом йўқ қилиш муҳим вазифа ҳисобланади, деди Россия раҳбари. Москва Идлиб вилоятининг қуролсизлантирилган ҳудудидан мухолифат аъзоларини Туркия имкон қадар тезроқ олиб чиқиб кетишидан умид қилмоқда, деди Путин.
Россия етакчисининг сўзларига кўра, Истанбул учрашуви қатнашчилари асосий масалада якдил: Сурияда узоқ муддатли тинчликка фақат сиёсий ва дипломатик воситалар билангина эришиш мумкин. Путин бу ҳолда фақатгина сурияликларнинг ўзи мамлакати келажагини ҳал қилишлари лозимлигини қайд этиб ўтди.
Путин ҳамкасбларидан суриялик қочқинлар масаласига бағишланган халқаро концеренция ўтказиш бўйича Россия ташаббусини қўллаб-қувватлашни сўради.
«Биз бу нималарга боғлиқ эканлигини, муаммонинг моҳиятини тушуниб турибмиз, бироқ ҳамжиҳатликда ишламасак натижага эриша олмаймиз», — деди у.
Сурияга ёрдам керак
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Европа Иттифоқи суриялик қочқинларга ёрдам бериш бўйча ўз мажбуриятларини бажариши лозимлигини таъкидлади.
«Суриялик қочқинларга сарфланган 33 миллиард долларлик сумма бизнинг уларга ёрдам беришга тайёрлигимиз борасидаги қатъиятимизни кўрсатади, бизнинг мамлакатда уч миллион қочқин бор», — деди Туркия етакчиси саммит якунларига кўра. У Европа мамлакатларини Сурияга кўрсатиладиган молиявий ёрдам миқдорини оширишга чақирди.
Эрдўған шунингдек президент Башар Асад ва мамлакат тақдирини Сурия халқининг ўзи ҳал қилиши кераклигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Туркия етакчиси Суриядаги террорчиларнинг Туркия чегаралари яқинида юришига тоқат қилолмаслигини қайд этди. У жангариларга қарши курашлар давом этажагини ваъда қилди.
«Суриядаги ушбу фожеани тугатиш учун ҳамма курашиши керак. Ўйлайманки, биз мазкур саммитда бунинг учун яхши туртки бердик. Бу саъй-ҳаракатларни бошқа давлатлар қўллаб-қувватлашига чақираман», — деди Эрдўған.
Сиёсий тузум — халқнинг иши
Франция президенти Эммануэль Макрон Суриядаги сиёсий тузум Сурия халқининг иши эканлиги, сайлов учун шарт-шароитлар яратишда уларга ёрдам бериш кераклигини айтиб ўтди.
«Мустақил, бироқ халқаро ҳамжамият босими билан ҳамжиҳат бўлган ҳукуматни олқишлаш керак ва мен буни қайта-қайта таъкидлайман», — деди Макрон.
У шунингдек Идлибда ҳарбий операция ўтказилишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтди ва бундай хатти-ҳаракат қочқинларнинг янги оқими юзага келишига сабабчи бўлишини айтди.
Бир вақтнинг ўзида Франция президенти умумий устувор вазифа Сурияда террорчиликка қарши кураш эканлигини эслатиб ўтди. У «уруш мамлакатларимизга ҳужум қилаётган ва ўлимга сабаб бўлувчи терактлар уюштираётган жангариларга қарши бўлаётгани»ни қайд этди.
Узоқ муддатли сулҳ
Германия, Франция, Туркия ва Россия етакчилари Идлибда узоқ муддатли асосдаги сулҳ сақлаш мажбуриятини олишганини ГФР канцлери Ангела Меркель айтиб ўтди.
«Галдаги гуманитар фалокатлар содир бўлмаслиги учун барча ишни амалга ошириш бўйича мажбуриятлар бор. Туркия ва Россия 17 сентябрь куни Идлибда сулҳга эришиш борасидаги ишни келишиб олишгани яхши янгилик бўлди. Биз бугун бу келишув метин ва узоқ муддатли сулҳга айланиши қўлимиздан келган жамики ишни қилиш мажбуриятини ўз зиммамизга олдик», — деди Меркель.
Суриядаги тарангликнинг якуний ечими БМТ шафелиги остида фақат сиёсий йул билан ҳал этилиши керак, деди Германия канцлери.
«Муҳим масалалар бўйича умумий коммюникени маъқуллай олганимиз муаммоларни ечишда умумий ирода мавжудлигидан дарак беради», — деди у.
Мавзуга оид
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
15:39 / 08.07.2024
ШҲТ яна кенгайди. Бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?
18:48 / 04.07.2024
«Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда» — Шавкат Мирзиёев
15:22 / 04.07.2024