Жаҳон | 10:48 / 30.10.2018
8560
2 дақиқада ўқилади

Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик юбилейига коллекцион тангалар чиқарилди

Фото: Қирғизистон миллий банки

29 октябрдан Қирғизистон миллий банки “Тарихий воқеалар” сериясидан ўрин олган, машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик таваллуд кунига “Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги” деб номланган коллекцион тангани муомалага киритди.

Танганинг олд томонида ёзувчининг сурати ва имзоси, четида “Чыңгыз Айтматов — 90 жыл" / Chingiz Aitmatov — 90 years” деган ёзув бор. Ўнг томонда танганинг қиймати – 20 сом кўрсатилган.  

Коллекцион танганинг орқа қисмида эса Қирғизистон герби, оқ кема ва Она-буғу ҳамда танга чиқарилган йил – 2018 кўрсатилган.

Фото: Қирғизистон миллий банки

Ҳар бир танга акрил капсулага солиниб, сертификат илова қилинган алоҳида футлярга жойлаштирилган.

Мис-никел тангадан 5 минг дона чиқарилган. У 25 грамм келиб, 700 сом туради.

Жорий йилда ёзувчининг 90 йиллик таваллуд айёми унинг она юрти Қирғизистон ва бошқа кўплаб давлатларда кенг нишонланмоқда. Жумладан, Турк маданияти халқаро ташкилоти 2018 йилни Чингиз Айтматов йили деб эълон қилган.

Чингиз Айтматов 1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас вилояти Шакар қишлоғида дунёга келган, 2008 йилда Германиянинг Нюрнбергида ҳаётдан кўз юмган. Қирғизистон ва Қозоғистон халқ ёзувчиси. Унинг кўплаб асарлари жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган.

Мавзуга оид