Иқтисодиёт | 12:22 / 30.10.2018
7641
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш бирмунча сустлашган

Марказий банк 2018 йилнинг III чорагида иқтисодиёт реал секторидаги ҳолат ва кутилмаларни ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Сўнгги чоракда ўтказилган сўров натижалари иқтисодиётда янги иш ўринларини яратиш борасидаги жараёнларнинг II чоракка нисбатан бирмунча сустлашганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, сўров давомида янги иш ўринлари сонининг ошганлигини маълум қилган респондентлар улуши II чоракдаги 46 фоиздан III чоракда 37 фоизгача камайган.

Бунда, тармоқлар кесимида қаралганда: 

- иш ўринлари сонининг ўтган чоракка нисбатан ошиши тоғ-кон саноатида респондент корхона ва ташкилотларнинг 80 фоизида, автомобил саноатида 67 фоизида ва қурилиш ишлари соҳасида 54 фоизида кузатилган;

- респондентларнинг нефть-газ саноатида 70 фоизида, озиқ-овқат саноатида 62 фоизида, енгил саноатда 61 фоизида, кимё саноатида 54 фоизида ҳамда туризм хизматлари соҳасида 71 фоизида, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 57 фоизида ва транспорт соҳасида 56 фоизида иш ўринлари сони II чорак даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолган.

Ҳисобот даврида иш ҳақи миқдорини оширган корхона ва ташкилотларнинг улуши II чоракдаги 50 фоиздан III чоракда 62 фоизгача кўпайган бўлиб, тармоқлар кесимида қаралганда иш ҳақини оширган респондент корхона ва ташкилотлар улуши тоғ-кон (100 фоиз), кимё (77 фоиз), донни қайта ишлаш (75 фоиз), қурилиш материаллари (74 фоиз), электроэнергетика (70 фоиз) саноат тармоқларида ҳамда қурилиш ишлари (77 фоиз) ва транспорт хизмати (74 фоиз) соҳаларида айниқса юқори бўлган.

Жорий йилнинг III чораги мобайнида иш ҳақи миқдорлари оширилган корхона ва ташкилотларнинг 13 фоизида ўртача иш ҳақи 1-4 фоиз оралиғида, 36 фоизида 5-8 фоиз оралиғида, 31 фоизида 9-12 фоиз оралиғида ҳамда 10 фоизида 13-16 фоиз оралиғида оширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омиллар айтилганди.

Мавзуга оид