Ўзбекистон | 08:34 / 01.11.2018
2700
2 дақиқада ўқилади

Руминия делегацияси Сенатда қабул қилинди

2018 йил 31 октябрь куни Сенатда Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси Алишер Қурманов ва Руминия Ташқи ишлар вазирлигининг давлат котиби Данут Себастиан Некулаеску бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама муносабатлар, шу жумладан парламентлараро алоқалар, шунингдек 2019 йилда Европа иттифоқига Руминия раислик қилишини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон – Европа иттифоқи” форматида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Руминияни сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ўзаро ҳамкорликка асосланган муносабатлар боғлаб туради. Хусусан, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро хусусиятга эга 14 та ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий негизини ташкил этади. Давлатлараро муносабатларнинг изчил ривожланиши иккала мамлакатни амалий мулоқотни янада чуқурлаштиришга ундайди.

Учрашувда турли соҳаларда икки томонлама лойиҳаларни амалга ошириш, кичик ва ўрта бизнес, қишлоқ хўжалиги, саноатни ривожлантириш, туризм, транспорт, илм-фан ва технологиялар соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик орқали алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Биргаликда тадбирлар ташкил этиш ва ўтказишга, иккала мамлакатда ўтказиладиган кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этишга бундан буён кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги ҳам қайд этилди. 

Томонлар ўзаро самарали ҳамкорликни ривожлантиришда парламент дипломатияси муҳим ўрин тутишига алоҳида урғу бердилар. Шу муносабат билан бу борадаги мулоқотни кучайтириш ва парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид