Спорт | 17:33 / 02.11.2018
14020
6 дақиқада ўқилади

«Энди Олимпиада лицензиясини эмас, медалларни санайдиган бўлишимиз керак»

Миллий олимпия қўмитасида 2018 йилги йирик спорт анжуманлари якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг Жисмоний тарбия ва спорт ишлари шўъбаси расмийлари, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов, шунингдек, спорт федерациялари вакиллари ва мураббийлар иштирок этди.

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда қўмита департамент мудири Акром Низомиддинов Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинлари ва Аргентина мезбонлик қилган III ўсмирлар Олимпиадасида қатор ютуқлар қўлга киритилиши баробарида етарлича камчиликлар ҳам кўзга ташланганини таъкидлаб, ҳар бир спорт туридаги натижаларга навбатма-навбат тўхталиб ўтди, йўл қўйилган хатолар бўйича тегишли федерациялардан изоҳ сўради.

Хусусан, эркин ва юнон-рум кураши федерацияси мутасаддилари Осиё ўйинлари олдидан кучли жамоалар иштирокидаги халқаро турнирларга борилмагани, спортчиларни витаминлар билан таъминлаш тўлиқ бўлмагани, натижада курашчиларнинг аллергияга мойиллиги ортгани натижаларга таъсир кўрсатганини билдирди. Жавоб тариқасида МОҚ раҳбарияти терма жамоа сўралган барча мусобақаларга юборилгани, федерациялар фақат доимий натижа кўрсатиб келаётган асосий спортчиларга эътибор қаратиш билангина чекланиб қолмаслиги кераклигини айтди.

Академик эшкак эшишдаги муваффақиятли деб бўлмайдиган кўрсаткичлар учун масъул федерация вакиллари Осиё ўйинларининг бошқа иштирокчилари билан шароитлар тенг бўлмагани, аниқроғи, эшкак эшувчилар етарлича сифатдаги қайиқлардан фойдалана олмаганини сабаб ўлароқ келтириб ўтди. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби бу гаплар «ўйлаб топилган афсона» эканини, қайиқларнинг яхши-ёмони бўлмаслиги, улар белгиланган халқаро стандартларга мос бўлишини таъкидлади. 

Шу аснода, йиғилишда олимпия таснифидаги бошқа спорт турларидаги натижалар ҳам муҳокама этилди. Унда бир нечта спорт федерациялари томонидан инвентарлар етишмаслиги, борлари ҳам эскиргани борасидаги муаммолар тилга олинди. Миллий олимпия қўмитаси вакиллари бу масалалар ҳозир фақат баҳона сифатида кўтарилаётгани, бунга қадар эса айни йўналишдаги муаммолар ҳақида сукут сақланганини иддао қилди.

Муҳокамаларда Осиёнинг бир нечта давлатлари муайян спорт турларида ўсишга эришгани, терма жамоада ёшартириш жараёни бораётгани, малакали психологларнинг етишмаслиги, сузиш ҳавзалари муаммоси боис машғулотларни доимий равишда олиб бориш имконияти чекланганлиги каби масалалар федерациялар расмийлари томонидан қониқарсиз натижалар учун сабаблар сифатида янгради.

Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси атлетлар орасида «юлдузлик касали»га чалинганлари борлиги, айрим спортчиларда ватанпарварлик ҳиссининг мутлақо сезилмаслиги, федерациялар бир спорт турининг фақат битта – натижа келтираётган йўналишига асосий эътиборни қаратиш билан чекланаётгани, селекция ишлари яхши ташкил этилмагани, спортчилар кун тартиби ва овқатланиш режимига қанчалик амал қилаётгани назоратга олинмагани, яъни профессионал ёндашувнинг йўқлиги, ички биринчиликларда таниш-билишчилик ва шахсий адоват илдиз отгани каби омилларни тилга олган ҳолда спорт уюшмалари вакилларини танқид остига олди.

Ўртага ташланган муаммоларга ечим сифатида қўмита ҳудудий ҳокимият органлари билан бирга республика бўйлаб кенг селекция ишларини йўлга қўяётгани, 2019 йилдан бошлаб ҳар битта федерацияга психолог бириктирилиши, ўқ отиш ва сузиш бўйича терма жамоаларга хориждан мураббий олиб келиниши, Токио Олимпиадасига тайёргарлик доирасида рейтинги баланд ва медаль қўлга киритиш имконият юқори бўлган спортчилар билан алоҳида шуғулланиш тизими жорий этилиши маълум қилинди.

«2020 йилги Олимпия ўйинлари учун лицензион турнирларнинг дастлабкисидаёқ йўлланма олишга ҳаракат қилишимиз, шундан сўнг тайёргарликка зўр беришимиз керак. Энди қолган ойларни ҳисоблаш керак, йилни эмас. Бу вақт кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.

Ҳукуматнинг ҳозирги талаби шундай: биз лицензия санашни аллақачон эсдан чиқаришимиз, энди медалларни санайдиган бўлишимиз керак. «Асосийси иштирок, ғалаба эмас», деган гаплар – эскилик сарқити. Йўқ, ҳозир муҳими – иштирок ва ғалаба. Лицензия олдим-ку, деган гапни ҳам йиғиштиришимиз керак», - дея айтиб ўтди Жасур Матчанов.

«Тошкент ҳам бир кунда қурилмаган. Ҳозир ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида стратегия ишлаб чиқиб, камчилигини кўриб, инвентар керак бўлса, инвентарини [муҳайё] қиляпмиз; базаси бўлмаса, база билан таъминлаяпмиз. Лекин бунга озгина вақт керак. Бўлди, Худо хоҳласа, кейинги 2019 йилдан бирорта федерацияда «уним кам, буним кам» деган нарса бўлмайди», - деди МОҚ бош котиби.

Маълумот учун, Осиё ўйинларида 30 та спорт тури бўйича жами 231 нафар спортчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Уларнинг 94 нафари (40,6 фоизи) медаль олишга эришган бўлса, 30 та спорт туридан 12 тасида мамлакатдан бирорта ҳам вакил шоҳсупага кўтарилмади. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон медаллар сифати ва сони бўйича аввалги мусобақалардаги натижаларини яхшилаган ҳолда умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2020 йил Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада совринлар қўлга киритиши эҳтимоли юқори бўлган спортчиларга эътибор буткул фарқ қилиши, уларга бошқаларга қараганда 10 баробаргача кўпроқ (15-20 миллион сўм миқдорида) стипендия берилиши маълум қилинганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид