Спорт | 11:35 / 02.11.2018
21293
6 дақиқада ўқилади

Санкциялар таҳдиди остида. Москвада AIBA президенти сайлови

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

2-3 ноябрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциациясининг (AIBA) 2018 йилги Конгресси бўлиб ўтади.

AIBA`нинг энг олий органи ҳисобланувчи Конгресс мажлисида кейинги тўрт йилда ташкилотга раҳбарлик қилувчи шахслар – президент ҳамда 5 нафар вице-президент (қитъа конфедерациялари президентлари) ва Ижроия Қўмитаси аъзоси лавозимга сайланади. Сайланган номзодлар Конгресс ўзи ишини якунлаши биланоқ ўз вазифасини бажаришга киришади, уларнинг ваколат муддати 4 йилни ташкил этади.

Kun.uz мухбирининг Москвадан хабар беришича, бугун – Конгресснинг илк кунида ташкилотнинг 2014-2018 йиллардаги фаолиятини ҳисоб-китоб қилиш ва келгуси 4 йиллик режаларни тасдиқлаб олишга асосий эътибор қаратилади. Cайловлар эртага, 3 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Конгресс
Шу йилнинг январь ойида AIBA президенти вазифасини важарувчи сифатида тасдиқланган Ғофур Раҳимов бугун анжуманни кириш сўзи билан очиб беради. Шундан сўнг кун тартибидан ўрин олган қатор масалалар, жумладан:

- ўтган галги Конгресс протоколини маъқуллаш;
- AIBA Ижроқўми, Комиссияси ва расмий техник гуруҳи аъзоларини тасдиқлаш;
- ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш ва аъзолик борасидаги бошқа масалалар;
- ташкилот Уставига тузатишлар киритиш;
- интизомий чоралар;
- Токио Олимпиадасидаги бокс мусобақаси кабилар муҳокама этилади.

Бугун, шунингдек, муваққат президент Ғофур Раҳимов ўзининг қарийб бир йиллик фаолияти юзасидан маъруза қилади, AIBA`га аъзо 5та конфедерация раҳбарларининг ҳисоботи тингланади (Осиё бокс конфедерацияси президенти Серик Қўнақбаев сўзга чиқади), ташкилотнинг 7та комиссияси ўз тақдимотларини ўтказади.

Шу билан бирга, 2 ноябрь кун тартибидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган янги бизнес-режа тақдимоти, AIBA`нинг молиявий ҳисоботи ва 4 йиллик аудити тўғрисидаги сарҳисобни тасдиқлаш масалалари ҳам ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, AIBA Ижроия қўмитаси 2017 йил ноябрь ойи бошида ўша вақтдаги президент Чинг-Куо Вуни қатор интизомий айбловлар ва молиявий растратада айблаб, уни қўмитадан вақтинчалик четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шундан сўнг, ноябрь ойи охирида тайванлик функционер ўз хоҳиши билан президентликдан истеъфога чиққан ва унинг ўрнини вақтинчаликка италиялик Франко Фальчинелли эгаллаган. 2018 йил январида Конгресснинг навбатдан ташари мажлисида Вуга нисбатан ишончсизлик вотуми билдирган ва унинг ўрнига Ғофур Раҳимов президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган эди.

Энди 3 ноябрь куни ўтказиладиган мажлисда Ғофур Раҳимов «в.б» қўшимчасидан халос бўлиши мумкин.

Иккинчи номзод

Серик Қўнақбаев / Фото: Казинформ

Раҳимов аввалига сайловда ягона номзод бўлиши кутилганди. Октябрь ойи бошида сайловда иккинчи номзод бўлиши кутилган Осиё бокс конфедерацияси президенти, қозоғистонлик Серик Қўнақбаев ҳужжатларни вақтида етказиб бера олмагани ва курашдан чиққани ҳақида маълум қилинганди. У ўзини камида 20та давлат федерацияси қўллаб-қувватлаши ҳақидаги маълумотни жўнатишда бир неча соатга кечикканди.

Кейинроқ Қўнақбаев Спорт Арбитраж Судига (CAS) апелляция берди, 29 октябрь куни эса ташкилот унинг апелляциясини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. 

«AIBA Сайлов Қўмитаси баъзи федерацияларнинг ўз номзодини илгари суриш учун юборган ҳужжатларини нотўғри шаклда бўлгани сабабли ноўрин равишда қабул қилмаган, аммо бундай номзодлик аризалари қониқарли деб топилиши керак эди. Шунинг учун ҳам Кенгаш Серик Қўнақбаев AIBA президентлиги учун талаб этиладиган камида 20 та овозни белгиланган муддат ичида тўплай олган, деб ҳисоблайди», - дейилади суд баёнотида.

ХОҚ билан низо
Октябрь ойи бошида Халқаро олимпия қўмитаси бокс 2020 йилги Олимпиада дастуридан чиқариб ташланиши мумкинлигини маълум қилди. Сентябрь ойида эса ХОҚнинг этика ва талабларга мувофиқлик масалалари бўйича директори Пакеретт Жирар Запелли Ғофур Раҳимовга мактуб йўллаб, ташкилот раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурмасликка чақиргани ҳақида хабар тарқалганди.

Ультиматум оҳангидаги мазкур мактубда Ғофур Раҳимов ташкилот президентлигига номзодлигини қайтариб олмаса,  бу ХОҚнинг Токиодаги Олимпиада-2020 дастурида боксни сақлаб қолиш бўйича қарорига таъсир ўтказиши мумкинлиги, сабаби у жиноят олами билан алоқаларда гумонланиши ҳақида айтилганди. 

Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги хорижий активлар устидан назорат қилиш бўйича департаменти Ғофур Раҳимовни Ўзбекистоннинг энг асосий жиноятчиларидан бири сифатида санкциялар рўйхатига киритганди. Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги Раҳимовнинг АҚШ долларида исталган молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятига тақиқ қўйиб қўйган. 

Айни вақтда ХОҚ AIBA’га нисбатан суриштирув ўтказмоқда, суриштирув ишлари февраль ойида бошланган. Ушбу қарор ХОҚнинг Пхёнчханда бўлиб ўтган ижроия қўмитаси йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинганди. ХОҚ AIBA’нинг бошқарув, молия ва допингга қарши масалалар бўйича ҳисоботидан қониқиш билдирмаган. Ўшанда молиявий ҳолат, бир қатор нуфузли турнирларда, хусусан, Олимпиададаги ҳакамлик бўйича можаролар туфайли 2006 йилдан буён AIBA’га раҳбарлик қилиб келган Чинг Куо Ву истеъфога чиқиб, унинг вазифаларини Раҳимов бажара бошлаганди.

Чинг-Куо Ву
© РИА Новости. Рамиль Ситдиков

Раҳимов санкциялар туфайли президент вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда бўлиб ўтган 2018 йилги Ўсмирлар олимпиадасига ташриф буюра олмади.

ХОҚ президенти Томас Бах AIBA’га эътироз фақат Ғофур Раҳимов номзоди билан чегараланмаслигини айтиб ўтган.

«Гап фақатгина AIBA президенти лавозимига номзод [Раҳимов] ҳақида кетаётгани йўқ. Халқаро олимпия қўмитаси ижро қўмитаси AIBA бошқарувининг яхлит кўриниши асосида ўз позициясини баён қилди. Сўнгги икки ой ичида қабул қилинган қарорларни бизга, агар содда тилда айтадиган бўлсак, тушуниш қийин бўлди», - деган Бах.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид