Ўзбекистон | 11:13 / 03.11.2018
36954
2 дақиқада ўқилади

БМТ вакиллари Ўзбекистонга таклиф билан чиқишди

ТИВда Махсус топшириқлар бўйича элчи Илҳомжон Неъматов БМТ бош котиби ўринбосари, Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков ва БМТ бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида БМТ вакиллари Ўзбекистоннинг қўшни давлатларга нисбатан юритаётган янги очиқ ва яхши қўшничилик сиёсатини юқори баҳоладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг сиёсати сабабли бугун Марказий Осиёда янгича соғлом муҳит ва дўстона руҳ, шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мақбул шароит вужудга келди.

Меҳмонларга Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар жараёни тўғрисида қисқача маълумот берилди.

БМТ вакилларининг сўзларига кўра Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан давлат чегарасини расмийлаштириш ҳамда чегара бўйича шартномаларни имзолаш каби масалаларга жавоб топилиши БМТ томонидан юқори баҳоланди.

Учрашув давомида чегара масалалари бўйича Ўзбекистоннинг ижобий ишланмаларини оммалаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан БМТ вакиллари халқаро ташкилот доирасида чегара масалаларини ечиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси мавзусида тақдимот ўтказишни таклиф қилдилар.

Мавзуга оид