Жаҳон | 22:26 / 04.11.2018
6622
1 дақиқада ўқилади

Туркиядан 15 врач Ўзбекистондаги саломатлик ҳафтасида иштирок этмоқда

Бир гуруҳ турк врачлари бепул тиббий маслаҳатлар бериш учун Ўзбекистонга келишди, деб хабар бермоқда Анадўлу агентлиги.

15 нафар врачнинг Ўзбекистонга сафари Туркия соғлиқ вазири Фахриддин Кўжийнинг фармойишига биноан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) кўмагида ташкиллаштирилган.

Врачлар Қорақалпоғистоннинг пойтахти Нукус шаҳрида Ўзбекистон 42-саломатлик ҳафтаси доирасида 11 ноябрга қадар бўлишади.

Врачлар аллақачон Нукуснинг болалар ва онкогинекология шифохонасида беморларни қабул қилишни бошлаб юборишган.

Турк врачлари операциялар ва кўриклар ўтказишади, маҳаллий мутахассислар билан тажриба алмашишади.

Бугунги кунга қадар туркиялик врачлар жаҳоннинг 16 давлатида саломатлик ҳафталигида иштирок этишган. Унда 22812 бемор кўрикдан ўтказилиб, 3632 марта жарроҳлик операцияси амалга оширилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид