Жаҳон | 20:10 / 05.11.2018
7095
2 дақиқада ўқилади

Германия контрразведкаси раҳбари ИИВга ўтиш ўрнига муддатидан олдин нафақага чиқарилди

Сентябрь ойида можаро марказида бўлган Германия контрразведкаси бошлиғи Ханс-Георг Масен ички ишлар вазирлигига ўтказилмайди, у муддатидан олдин нафақага чиқарилади. Бу ҳақда ИИВ раҳбари Хорст Зеехофер маълум қилди.

"Мен ундан муддатидан олдин нафақага чиқишини сўрадим", - деди вазир.

Дастлаб Масен ИИВ статс-котиби лавозимига ўтказилиши режалаштирилганди, аммо жамоатчилик ва мухолифат бу қарорни танқид остига олди.  
Контрразведка бошқармасини ҳозирча унинг ўринбосари Томас Хальденванг бошқариб турадиган бўлди.

Ёзда Масен ўта ўнг "Германия учун альтернатива" партияси раҳбарлари билан учрашгани ва уларга қонун билан боғлиқ нохушликларни қандай четлаб ўтиш борасида тавсиялар бергани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.  

Сўнгра август охирида Хемниц шаҳрида мигрантлар маҳаллий фуқаролардан бирини ўлдириб қўйишди ва шаҳарда оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Полиция билан тўқнашувлар юз берди, аммо жамоатчиликни радикалларнинг европалик бўлмаганларга ҳужумлар уюштиргани акс этган видеоёзувлар кўпроқ ташвишга солди.

Масен бир неча кундан сўнг бу видеоёзувлар ҳақиқий эканлиги ҳақида маълумот йўқлигини билдирди. У бу билан раҳбариятни ноқулай вазиятга қўйди, бунинг устига, ўнг мафкура тарафдорларига нисбатан хайрихоҳ эканлиги ҳақидаги гап-сўзлар авж олишига сабабчи бўлди.

Мавзуга оид