Жаҳон | 10:01 / 07.11.2018
25466
2 дақиқада ўқилади

Boeing 737 самолётлари ўз-ўзидан пастга шўнғиши мумкинлиги аниқланди – ОАВ 

Фото: Simon Dawson/Bloomberg

Boeing компанияси ўзининг янги модели Boeing 737 Max’дан фойдаланаётган авиакомпанияларга ушбу самолётлар парвоз назорати тизимининг хато кўрсаткичлари сабабли ўз-ўзидан тумшуғи билан пастга шўнғиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш жўнатмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги бир манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.  

Манбанинг тушунтиришича, бу огоҳлантириш Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати терговининг дастлабки натижаларига асосланган. Аниқланишича, Boeing 737 Max самолётлари оқим ҳаракатланиши жараёнлари мувозанати бузилган муайян вазиятларда тумшуғини пастга автоматик тушириши мумкин.   

Манбанинг таъкидлашича, огоҳлантириш 7 ноябрда Жакарта вақти билан эрталаб жўнатилиши мумкин. Унда учувчилар ушбу муаммодан қочиш учун нима қилишлари кераклиги бўйича кўрсатмалар берилади.

Lion Air авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти 29 октябрь эрталаб Жакартадан ҳавога кўтарилгандан 13 дадқиқа ўтиб Ғарбий Ява соҳиллари яқинида денгизга қулаган. Самолёт бўлаклари сув остида 30-40 метр чуқурликда бўлиб, катта майдонга ёйилиб кетган.

Фожиага нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Самолёт 2018 йилда ишлаб чиқарилган ва августдан бошлаб ишлатила бошланган. Самолёт бортида ҳаммаси бўлиб 189 киши бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Мавзуга оид