20:50 / 08.11.2018
12067

Газ ускуналаридаги носозликлар натижасида содир бўлаётган нохуш воқеаларнинг сабаблари қаерда яширинган?

Сўнгги вақтларда хонадонларда табиий газ, электр ва айниқса иситиш тармоқларининг носозлиги оқибатида келиб чиқаётган нохуш воқеалар барчамизни ташвишлантирмасдан қолмаяпти.

Жумладан, 2018 йилнинг ўтган 10 ойида газ асбоб-ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ҳамда чақнаш ва ёнғин натижасида газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ 21та ҳолатда 51 киши жароҳатланган ва 15 киши вафот этган. Маиший газ балонлар билан боғлиқ 10та ҳолатда 10 киши жабрланган, 7 киши вафот этган. Ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 киши жароҳатланган, 35 киши вафот этган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида бўлиб, ис газидан 11 киши вафот этгани ҳақида расмий маълумотлар эълон қилинди.

Айниқса Чилонзор туманида истиқомат қилувчи оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани жамоатчилик орасида қаттиқ резонанс келтириб чиқарди. Инсонлар ўлимига сабаб бўлган бундай нохуш воқеалар Фарғона вилоятининг Риштон туманида, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ва Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида рўй берди.

Бундай ҳодисалар юз беришига нима сабаб бўлмоқда? Таҳририятимизга муштарийларимиздан бири йўллаган хатда бундай нохуш воқеалар юз беришига сабаб бўлувчи омиллардан бири очиб берилган.

«Сизларга мурожаат йўллашимдан мақсад бугунги кунда сўнгги пайтларда ис газидан заҳарланиш ёки газни портлаши юзасидан содир бўлаётган ҳодисалар юзасидан фикр билдирмоқчи эдим. Яқинда бир танишим менга бир воқеани айтиб берди. Мен бу воқеани тўлиқлигича ёзиб бериб, кейин бошқа хулосаларим тўғрисида тўхталмоқчиман.

Ушбу танишим, шу кунлари ҳовлисидаги газ қувурлари эскирганлиги туфайли, уларни алмаштирмоқчи бўлиб туман газ идорасига мурожаат қилади. Туман газ идорасидагилар улар бундай ишларни бажармаслиги, бунинг учун уларнинг штатларида етарлича ходимлар мавжуд эмаслигини билдириб, бундай ишларни бажарадиган махсус рухсатномаси бўлган хусусий корхоналарга мурожаат этишни айтиб, шундай корхоналардан бирининг телефон рақамини беришади.

Бу хусусий корхонага қўнғироқ қилингач, уларнинг вакиллари келиб, 10 метр атрофидаги газ қувурини алмаштириш ва ҳисоблагични бошқа жойга кўчириб бериш учун нақ 550 минг сўм иш ҳақи сўрашади (бу ҳолда барча ишлатиладиган материаллар хонадон эгаси томонидан сотиб олиб берилишини айтишади).

Ваҳоланки, қилинадиган иш бу — қувурни икки жойидан кесиш ва кейин яна иккита бошқа жойга улаш. Энг қизиғи, ушбу корхона вакилларидан хизмат кўрсатиш бўйича тасдиқланган прейскурант ёки бошқа бир ҳужжат мавжудми деб сўралганда, улар хоҳласа шу, хоҳламаса вақтлари йўқлигини айтиб кетишади.

Шунда хонадон эгаси ноиложликдан илтимос қилиб, уларни чақириб, рози эканлигини билдириб, қарз кўтариб хизмат ҳақини тўлайди. Ана энди ҳақли бир савол туғилади: демак қўли калтароқ одам бу ишларни ўзи қўлбола тарзда бажарадими ёки ўша эски яроқсиз ҳолга келган газ қувурларидан фойдаланаверадими? Бундай хўжасизлик натижасида бугунги кунда бот-бот учраётган нохуш ҳолатлар келиб чиқмайдими?

Мутасадди ташкилотлар фуқароларга табиий газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишни сўраб мурожаат қилмоқдалар, лекин ёнғин хавфсизлигига риоя этмасликка сабаб бўлаётган омиллар олдини олишга келганда эса бозор иқтисодиёти принциплари қўлланилади.

Албатта, мен бундай ишларни хусусий сектор томонидан бажарилишига қарши эмасман, лекин ушбу ишларни адолатли ва шаффоф тарзда ўтказиш тарафдориман.

Менга қизиқ, солиқ идоралари томонидан фаолиятнинг ушбу тури билан шуғулланаётган хусусий корхоналар тўлаётган солиқ ва бошқа мажбурий ажратмалар бирор марта таҳлил қилинганмикан? Табиий газдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, бундай хизмат турини кўрсатувчи корхоналар бугунги кунда етарлимикан, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархлари ким томонидан белгиланади? Ушбу корхоналар хуфёна иқтисодиётнинг бир бўлагини ташкил этмаяптимикан?

Гап аҳоли хавфсизлиги ва соғлиғи ҳақида борар экан, бундай хизмат турлари нархларини тушириш ва уларга қандайдир солиқ имтиёзларини бериш ҳақида ўйлаб кўриш керак эмасмикан?

Мен ушбу мурожаатим орқали айнан бирор газ идораси ёки юқоридагидек хизмат турини кўрсатадиган хусусий корхонанинг фаолиятига тўхталмоқчи эмасман, бу муаммо тизимли муаммо саналади, ушбу масалани тўлиқ ўрганиб чиқиб, аниқ чоралар кўриш лозимлигини билдирмоқчиман», — деб ўз фикрларини изҳор этади М. исмли ўқувчи.

Қайд этиш жоизки, бу борада ҳукуматнинг тегишли қарорлари қабул қилинган. Бироқ уларга жойларда амал қилинмоқдами?

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги №22 сонли қарорини олайлик.

Ушбу қарорга 2-илованинг 136-бандида Газ таъминоти ташкилоти истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларига белгиланган тартибда техник хизмат кўрсатиши ҳамда уларни тафтишдан ўтказиши белгилаб қўйилган.

Давомидан, илованинг 139-бандида д) белгиланган тартибда тутун мўрилари, мўриларнинг каллакларини ва вентиляция каналларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил қилиш; е) тутун мўрилари ва вентиляция каналларидаги носозликлар тўғрисида ёнғин хавфсизлиги хизматларига носозликларни тузатиш учун зудлик билан хабар бериш — маиший истеъмолчилар мажбуриятлари сирасига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №901-сонли қарорида ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар, якка тартибдаги уй-жойларни куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш ҳамда хонадонларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб тургани, бунинг оқибатида аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилаётгани ҳамда кўпинча ўлим билан тугайдиган ҳамда моддий зарар билан якунланадиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётгани қайд этилган.

Ҳукуматнинг мазкур қарори 4-бандида «Ўзтрансгаз» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, «Ўздавнефтгазинспекция» давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда аҳоли хонадонларининг ички газ тармоқлари ҳамда газда ишловчи қурилма ва ускуналарининг техник тафтишдан ўтказилишини ва уларга профилактика хизмати кўрсатилишини таъминлаши белгиланган.

Унга кўра, юқорида номлари тилга олинган ташкилотлар турар жойлардаги дудбуронлар ва вентиляция каналларини — ҳар йилги иситиш мавсумидан олдин текшириб, уларнинг созлигини тегишли далолатномалар билан қайд этиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриши белгилаб қўйилган.

Ш.Шокиржонов тайёрлади

Top