Ўзбекистон | 10:51 / 10.11.2018
24209
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan «Қашқадарё автотеххизмат» МЧЖ билан дилерлик келишувини бекор қилди

Фото: Қашқадарё Автотеххизмат МЧЖ

«Ўзавтосаноат» АЖ мониторинг давомида аниқланган қонунбузарликлар сабаб GM Uzbekistan «Қашқадарё Автотеххизмат» МЧЖ билан дилерлик келишувини бекор қилганлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2018 йилнинг январь ойидан ҳозирги даврга қадар GM Uzbekistan компаниясига жисмоний ва юридик шахслардан “Қашқадарё Автотеххизмат” МЧЖ дилерлик корхонаси фаолиятига доир 420 та мурожаат келиб тушган. Шундан 117 та мурожаат дилерлик корхонасининг мижозларга нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ. Шунингдек, 10 та мурожаатда мижозлар томонидан “Қашқадарё Автотеххизмат” МЧЖ ходимининг коррупцион ҳаракатларига оид далиллар келтирилган.

Шуниндек, автомобиллар сотишни ҳисобга олишга доир ҳужжатлар ўрганилганда дилерлик корхонаси ва мижоз ўртасида имзоланмаган шартномалар мавжудлиги аниқланган. Шартномалар ва бошқа ҳужжатлар ўрганилганда мижозларнинг имзолари ҳаққоний эмас деб гумон қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида экспертиза учун тегишли идораларга тақдим этилади.

Бундан ташқари, автомобили ҳали берилмаган 487 та шартнома ўрганилганда мижозлар имзоси бўлмаган 47 та шартнома борлиги, дилерда мавжуд автомобиллар ҳисоб-китоб қилинганда омборда ортиқча сақланаётган автомобиллар мавжудлиги, автомобилини кутаётган айрим харидорларга қўнғироқ қилинганда улар автомобиллари салонга етказилганлиги ҳақида огоҳлантирилмаганликлари аниқланди.


2018 йилнинг 10 сентябридан 6 ноябрига қадар GM Uzbekistan акцияси доирасида "Spark" автомобилини харид қилган айрим харидорларга велосипедлар олиш учун ваучер берилмаган.

Автосалонда call-марказ ва қўнғироқ қабул қилиш учун масъул ходим бўлмаган.

Компания дилерлик марказлари томонидан автомобиль харид қилиш учун қўшимча пул талаб қилинган ҳолатларда 78 141 77 77 рақамлари орқали GM Uzbekistan сall-марказига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 10-07 ягона ишонч рақамларига мурожаат қилишни сўрамоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид