Спорт | 00:39 / 12.11.2018
12497
2 дақиқада ўқилади

«Барселона» кейинги 20 йилдаги энг ёмон кўрсаткичини қайд этмоқда

Фото: Xavier Bonilla/NurPhoto via Getty Images

Испания чемпионатининг 12-турида «Барселона» «Бетис»ни қабул қилди. «Камп Ноу»да кечган учрашувда майдон эгалари 3:4 ҳисобида ютқазишди.

Бу ўйин «Барселона» учун чемпионатда қаторасига 10-учрашувда камида битта гол ўтказган ўйин бўлди. «Барселона» бундай нохуш серияни 1998 йилнинг сентябридан буён қайд этмаганди. Ўшанда жамоани Луи ван Гаал бошқарган, кўк-анорранглилар жамоаси чемпионатда қаторасига 12 ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказганди.

Шунингдек, бу ўйин «Барселона» кейинги 15 йил ичида илк марта «Камп Ноу»да ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборган ўйин бўлди.

Каталонияликлар охирги марта 2003 йилнинг апрелида, «Депортиво»га қарши ўйинда 2:4 ҳисобида ютқазганди.

Каталонияликлар учун бугунги ўйин Испания чемпионатида кейинги 6 ўйиндаги илк мағлубиятли ўйин бўлди. Бунгача амалдаги чемпионлар 3 учрашувда ғалаба қозониб, 2 бор дуранг ўйнашганди. «Бетис» эса «Барселона»ни мағлуб этиш орқали 4 учрашув давом этган ғалабасиз сериясига якун ясади.

Бундан ташқари, бу мағлубият каталонияликлар жамоаси сафида Лионель Месси камида иккита гол урган ўйинда илк марта мағлуб бўлишидир.

Эндиликда «Барселона» 24 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда, «Бетис» 16 очкоси билан 12-ўринда жойлашган.

Мавзуга оид