Жаҳон | 11:25 / 12.11.2018
4373
2 дақиқада ўқилади

Калифорнияда ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортиб боряпти

Фото: AFP 2018 / Josh Edelson

АҚШнинг Калифорния штатидаги ўрмон ёнғинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 31 кишига етди, деб хабар қилмоқда USA Today.

Калифорния шимолида Camp ўрмон ёнғини оқибатида 29 киши қурбон бўлди, яна икки киши Woolsey ёнғини натижасида штат жанубида ҳаётдан кўз юмди. Аввалроқ, 228 киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди.

Калифорния шимолида Camp ўрмон ёнғини пайшанба куни бошланди ва штат тарихидаги энг вайронакор ёнғинга айланди. Телеканал маълумотларига кўра, ёнғин деярли 45 минг гектар ерни қамраб олди, якшанба куни эрталаб ўт ўчирувчилар ёнғиннинг 25 фоизини бартараф қилишди. Олов сабабли 6,47 мингта бино ва иншоотлар вайрон бўлди.

Телеканалга кўра, Калифорния жанубида иккита ёнғин авж олган. Woolsey ёнғини 33 минг гектар ерни қамраб олди ҳамда 10%га бартараф қилинди. Яна бир ёнғин, Hill 1,8 минг гектар жойга тарқалди ва ҳозирда 75%га бартараф этилган. Штат жанубидаги ёнғинлар оқибатида жами 179та бино вайронага айланди, олов камида 57 мингта бино-иншоотларга таҳдид солмоқда.

Калифорнияда ўрмон ёнғинлари туфайли 300 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид