Ўзбекистон | 14:47 / 13.11.2018
7656
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Косон-агро» ЭИЗ ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Косон-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг Қашқадарё вилоятида “Косон-агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Қашқадарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда “Косон-агро” ЭИЗ таркибига киритиладиган Косон туман “Турон” ҳудудидан 5 минг гектар яйлов ер майдонларининг чегараларини аниқ белгиланиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда “Косон-агро” ЭИЗни ривожлантириш, шу жумладан, илғор технологияларни қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш учун ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган маҳаллий корхоналар ташкил этиш дастурини ишлаб чиқади ҳамда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши муҳокамасига киритади.

“Косон-агро” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

қишлоқ хўжалигида ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ҳамда таркибий ўзгартириш, бунда тумандаги унумдорлиги паст, кам ҳосилли ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этишга тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб қилиш, шунингдек, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;

логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологияларни, муқобил иссиқлик энергиялардан фойдаланишни кенг жорий этиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш.

Белгилаб қўйилишича:

“Косон-агро” ЭИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Қашқадарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг бевосита тасарруфида бўлади;

“Косон-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;

“Косон-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиши муддати мобайнида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид