Ўзбекистон | 12:00 / 13.11.2018
11873
2 дақиқада ўқилади

Мулк ҳуқуқини эътироф этишни соддалаштириш таклиф қилинди

Фото: Depositphotos

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини соддалаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 21 июнда “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган.

Мазкур низомда бир марталик акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссияларнинг фаолиятини амалга ошириш механизми ва схемаси кўрсатилган бўлиб, у жами 17 босқичдан иборат. Бу босқичлар жуда мураккаб. Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун фуқаро туман (шаҳар)даги қуйидаги раҳбарлар ва идоралар:

- Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи; 
- Қурилиш бўлими бошлиғи; 
- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи; 
- Давлат бош санитария врачи; 
- Ички ишлар бўлими; 
- Ёнғин хавфсизлиги инспектори; 
- Давлат солиқ инспекциясидан хулоса ва маълумотномаларни олишнинг зарурлиги албатта, фуқаролар олдида мансабдор шахсларнинг сансалорлиги, масъулиятсизлиги билан боғлиқ оворагарчиликларни келтириб чиқаради.

“Шу сабабдан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиялар фаолиятини амалга ошириш схемаси ва ижро механизмини қайта кўриб чиқиш, коррупцияга имкон берадиган нормаларни ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарур. Шундан келиб чиқиб, мазкур низомни халқ учун янада соддалаштириш ва ижросини назоратга олиш, ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадга мувофиқ”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Мавзуга оид