Спорт | 12:05 / 13.11.2018
10026
2 дақиқада ўқилади

УЕФА Чемпионлар лигаси ўйинларини дам олиш кунларига кўчиришга тайёр

Фото: РИА Новости

УЕФА еврокубок ўйинлари вақтларига ўзгартириш киритиши мумкин. AS нашри маълумотига кўра, Чемпионлар лигаси учрашувлари келгусида ҳозиргидек сешанба ва чоршанба кунлари эмас, балки шанба-якшанба кунлари ўтказилиши йўлга қўйилиши эҳтимоли бор.

Манбанинг келтиришича, сешанба ва чоршанба кунларида еврокубоклар ўйинлари ўрнига терма жамоалар баҳсларини ўтказиш йўлга қўйилиши варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

УЕФА бундай қарорга келиши қитъанинг энг нуфузли 16 клуби томонидан алоҳида турнир - Суперлига мусобақаси ташкил этилиши мумкинлиги билан боғлиқлиги, бу мутасаддиларнинг янги турнир яратилишига нисбатан кўраётган чораси экани айтилмоқда.

Қайд этилишича, кўҳна қитъанинг энг нуфузли чемпионатлари УЕФАнинг бу режасидан норози. Улар – Англия Премьер-лигаси, Испания Ла Лигаси, Германия Бундеслигаси ва Италия А Серияси – янги тақвимга рози бўлмасликлари борасида келишув имзолашган ва уни Европа футболи бош ташкилотига юборишган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошидан буён Европа Суперлигаси ҳақида хабарлар авж ола бошлади. Гарчи барча расмий шахслар буни инкор этаётган бўлса-да, Football Leaks томонидан ошкор қилинган ёпиқ тижорий турнир Чемпионлар лигаси нуфузига катта путур етказиши эҳтимоли манфаатдор томонларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид