Спорт | 14:13 / 14.11.2018
4841
2 дақиқада ўқилади

Калгари аҳолиси шаҳарда Олимпиада ўтказилишига қарши овоз берди

Фото: REUTERS

Канаданинг Калгари шаҳри аҳолиси референдумда ўз шаҳарларида 2026 йилги Олимпия ўйинлари ўтказилишига қарши чиқишди.

Овоз бериш 13 ноябрь куни бўлиб ўтди, 14 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 08:00да тугади.

«Си-би-эс» телеканалига маълум бўлган хабарларга кўра, Калгари аҳолисининг референдумда иштирок этган 304,7 мингидан 56,4 фоизи қарши овоз берган.

Аввалроқ, Калгари мэрияси, Альберта провинцияси раҳбарияти ва федерал ҳукумат вакиллари Канада аризаси ғалаба қозонадиган бўлса, Оттава 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларини молиялаштириши бўйича келишувга эришганди. Бироқ, аввалига Ўйинларни қабул қилиш ҳуқуқи бўйича кураш ҳақидаги қарорни шаҳар аҳолиси референдумда қабул қилиши лозим эди.

9 октябр куни Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) Буэнос-Айресдаги йиғилишида 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш учун учта ариза тасдиқланди: Калгари, Италиянинг Милан ва Кортина-д'Ампеццоси, шунингдек, Стокгольм. Туркиянинг Эрзуруми аризаси рад этилди.

2026 йилги Олимпия ўйинлари пойтахтини танлаш 2019 йилда Халқаро олимпия қўмитасининг Лозаннадаги 132-сессиясида бўлиб ўтади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид