Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Сурия ҳукуматини ИШИДни ташкил қилишда айблади
ИШИД террорчилик гуруҳи Сурия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари натижасида пайдо бўлди. Бу ҳақда чоршанба куни АҚШ давлат котибининг Сурия бўйича махсус вакили Жеймс Жеффри журналистлар учун брифингда баёнот берди.
«Сурия режими туфайли ИШИД пайдо бўлди», - дея маълум қилди АҚШ ташқи сиёсат идораси ходими.
«Аҳоли Башар Асад режимига қарши бош кўтарганида, фуқаролик жамияти бутунлай йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли юзага келганида ва зўравонликлар авж олганида, ИШИД элементлари ҳам пайдо бўлди. Асад режими эса музокараларга киришиш ёки қандайдир ечим топиш ўрнига, ўз фуқароларига қарши кенг миқёсли зўравонликлардан фойдаланишни бошлади. Бу ИШИДга тарафдорларни ёллаш, Асад режими ваҳшийликларидан одамларни ҳимоя қилиш ниқобини кийишга имкон яратди. Кўп ўтмай ИШИД 35 минг жангаридан иборат армияга эга бўлди ҳамда Ироқ ва Суриядаги катта туманларни эгаллаб олди», - деди америкалик дипломат.
Шунингдек, Жеффри маълум қилишича, АҚШ суриялик қочқинларнинг қайтиши жараёнини тўсиб қўйишга уринаётгани йўқ, лекин улар чет элдан ватанларига мажбуран кўчирилишига қарши чиқади.
«Россиянинг бутунлай асоссиз даъвосига келадиган бўлсак, биз ҳеч кимни тўхтатишга, Сурияга қайтармасликка ҳаракат қилмаяпмиз... Ким 6 миллион қочқинга Сурияга қайтишга имкон бермаяпти? Йил давомида фақат 55 минг одам қайтганини кўрдик. Сизларга шуни айтмоқчиманки, бунда режимнинг ўзи, бу режимнинг ўз фуқароларига нисбатан даҳшатли хатти-ҳаракатлари сабабчи», - дейди Жеффри.
«АҚШ ҳукумати қочқинларни Сурияга қайтмасликка чақираётгани йўқ. Шунингдек, биз бошқа давлатлар ҳукуматларига қочқинларни тўхтатиш ҳақида чақириқ билан чиқмадик», - дея айтиб ўтди Америка ташқи сиёсат идораси ходими.
«Бизнинг позиция шундаки, қочқинлар ўзлари ҳал қилиши керак. Бу ихтиёрий бўлиши лозим. Қайтиш хавфсиз бўлиши шарт. Гап қандайдир одамлар гуруҳини мажбуран режим назоратига қайтариш, уларда бошқа танлов бўлмагани ҳақида бормаслиги лозим», - деди дипломат.
«Россиянинг бир неча вакиллари мунтазам равишда сафарларда бўлаётгани, турли мамлакатларга қочқинлар бўйича чақириқ билан чиқаётгани, Сурия режимини тан олишга ундаётгани, уни Араб давлатлари лигасига қайтаришга ҳаракат қилаётгани бир нарсани англатади: Россия Сурия режимига жуда катта қўллаб-қувватлов кераклигини яхши тушунмоқда», - дея ҳисоблайди Жеффри.
Мавзуга оид
22:58 / 15.07.2026
АҚШда Трамп тасвирланган 1 долларлик танга чиқарилади
18:51 / 15.07.2026
Трамп жинсий зўравонлик ва туҳмат иши бўйича 5 миллион доллар тўлади
18:11 / 15.07.2026
Хитой автомобил бозори жаҳон рейтингида 1-ўринни эгаллади
11:20 / 15.07.2026