12:09 / 20.11.2018
29562

Шифокорлар совуққонлигими?! Сергелида чақалоқ эмланганидан кейин вафот этди

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳар прокуратурасига фуқаро Х.Э.нинг Сергели туман 10-сонли оилавий поликлиника ва 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси (ШБКШ) ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига Халқ қабулхонаси орқали йўллаган мурожаатида фарзанди Р.Х.га 10-сонли ОП шифокорлари томонидан нотўғри эмлаш жараёни ўтказилганлиги, сўнг 3-сонли ШБКШ ходимлари етарлича муолажалар олиб боришмаганлиги натижасида вафот этганлиги кўрсатилган.

Бош прокуратуранинг Kun.uz'га маълум қилишича, 2018 йил 24 август куни 10-сонли ОП шифокори Н.Р. томонидан Р.Х. кўрикдан ўтказилиб, бола V1 ОПВ 2 том сер 598+V1 ПНЕВМО 0,5 сер 73692’га эмланган. Шу билан соат 19:00ларда боланинг тана ҳарорати кўтарилган ва ҳамшира тавсияси билан болага цефекон свеча қўйилган.

2018 йил 26 август куни соат 11:00ларда боланинг тана ҳарорати 38,5 даражага кўтарилган ва тез ёрдам автомашинасида Р.Х. 3-сонли ШБКШга олиб келинган. У ерда шифокор-невропатолог Ш.Н. болани кўрганидан сўнг, Р.Х.га “талваса синдроми, самотоген асосланган, бош мия шиши хавфи” ташхиси қўйилган ва керакли даволаш чоралари кўрилган.

2018 йил 27 август куни соат 20:00ларда Р.Х.нинг умумий аҳволи кескин оғирлашганлиги, яъни интоксикация белгилари кучайганлиги, тахипноэ, тахикардия, неврологик симптомлар ва ичак парези кучайганлиги сабабли сунъий ўпка вентиляция аппаратига уланган.

28 августда 3-сонли ШБКШ маслаҳатга Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази шифокорлари таклиф этилганида, улар томонидан  беморни даволашни РШТЁИМда давом эттириш тавсия этилган ҳамда соат 19:30ларда Р.Х. РШТЁИМ токсикология реанимациясига ўтказилган ва чораларга қарамай соат 24:00ларда биологик ўлим қайд этилган.

СТЭнинг 152-К-сонли комиссиявий хулосасига кўра, Р.Х. 3-сонли ШКБШда соат 13:20ларда невропатолог кўригида аҳволи оғир деб баҳолангани, ваҳоланки бемор шифохонага соат 13:30ларда олиб келинганлиги, навбатчи шифокорлар томонидан бемор ҳар 6 соатда кўрилгани, бундай ҳолатларда ҳар 3 соатда кўрилиши лозимлиги, навбатчи шифокор кундалик ёзувларида нафас ҳаракатлари сони ва қон босими кўрсаткичлари бир хил кўрсатилган дақиқага “44 та ҳамда 80/50 мм сим уст.” деб кўрсатилганлиги, бу маълумотлар бир-биридан кўчириб ёзилганидан далолат бериши, реанимация бўлимида икки кунда ҳам асосий клиник ташхис чиқарилмаганлиги, лаборатор анализлар интерпритацияси йўқлиги сабабли,даво муолажаларининг коррекция қилинмаганлиги, врачлар консилиуми жуда кеч (3 суткада) чақирилганлиги, бу ўз навбатида касалликнинг оғирлашувига олиб келганлиги, агар беморда касаллик динамикаси ўз вақтида тўғри баҳоланиб, ўз вақтида клиник диагноз тўлиқ қўйилиб, тегишли тиббий муолажалар ўтказилганида унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти бўлиши мумкинлиги аниқланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси шифокорлари ўз касбига нисбатан бепарволик ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши, касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида фуқаро Р.Х.нинг ўлимига сабабчи бўлганликлари қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Учтепа туман прокуратурасига юборилган. Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура назоратига олинган.

Top