Ўзбекистон | 13:50 / 20.11.2018
23893
10 дақиқада ўқилади

Тарихга қайтиб: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси қандай қабул қилинган эди?

Фото: Vice

2018 йил 10 декабрь куни Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганига 70 йил тўлади. БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллардан Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини таъминлаш борасида айрим ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилиб келганига қарамай, бу борадаги халқаро рейтингларда ҳамон ўз позициясини яхшилай олгани йўқ. Обрўли ҳуқуқ ташкилотлари, жумладан Human Rights Watch Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида айрим ишлар амалга оширилаётгани, бироқ бу етарли эмаслиги, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни янада яхшилаш учун кўп ишлар қилиниши лозимлигини таъкидламоқда.

Хўш, Инсон ҳуқуқларини белгилаб, изоҳлаб, нималардан иборат эканига ойдинлик киритувчи ҳужжат қандай қабул қилинди? Шундай декларацияни ишлаб чиқиб, қабул қилишга нима туртки бўлди? Умуман, мазкур декларацияга қандай эҳтиёж бор эди? Аслида, туғилишиданоқ ҳур туғиладиган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқини дунё миқёсида эътироф этишга қандай зарурат бўлганди?

Инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши кун тартибига чиқарилган бугунги Ўзбекистонда Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясини тарихини билиш фойдадан холи бўлмайди, албатта.

1939-1945-йиллар оралиғидаги даҳшатли воқеалар, Иккинчи жаҳон уруши вақтида инсониятга қарши амалга оширилган қирғинлар инсоннинг умумэътироф этилган ҳуқуқларини қайд қилиш зарурлигини кўрсатди. 1941 йилда АҚШ президенти Франклин Рузвельт «Мамлакатдаги ҳолат бўйича мурожаат»ида 4та муҳим эркинлик: сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, эҳтиёждан эркинлик ва қўрқувдан эркинликни қўллаб-қувватлашга чақирди. Айни шу нарса, тинчлик ўрнатиш ва уруш тугашига имкон берадиган инсон ҳуқуқлари ривожига янги туртки берди.

Дунё афкор оммасига нацистлар Германиясининг концлагерларда содир этган жиноятлари маълум бўлганида, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини керакли даражада изоҳлаб бера олмаслиги, ҳимоя қила олмаслиги аён бўлиб қолди. Шунга биноан Инсон шахсияти ҳуқуқларини бирма-бир санаб берадиган умумий шартнома зарурати пайдо бўлди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси 1947 йил 27 январдан 10 февралгача Lake Success шаҳарчасида бўлиб ўтди. АҚШнинг ўша вақтдаги биринчи хоними Элеонора Рузвельт комиссия раислигига сайланди. Австралия, АҚШ, Бельгия, БССР (Белоруссия ССР), Буюк Британия, Хитой, Куба, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Ливия, Панама, Собиқ Советлар иттифоқи, Уругвай, Филиппин, Франция, Чили, Югославия каби давлатлар вакиллари Ҳуқуқлар тўғрисида халқаро қонун лойиҳасини ишлаб чиқишлари керак эди. Комиссия ишида БМТ Котиблиги инсон ҳуқуқлари бўйича бўлим вакили, халқаро ҳуқуқ соҳасида канадалик мутахассис Жон Ҳамфри ҳам қатнашди.

Комиссия 18 кишидан иборат бўлгани ҳамда уларнинг ҳар бири ўз қарашларига эгалиги сабабли Декларациянинг қоралама матнини тайёрлаш жуда қийин кечган. Алалоқибат, қоралама матнини тайёрлашни Комиссиянинг 3 аъзосига ишониб топширишга қарор қилинади. Шундай қилиб, Элеонора Рузвельт, Хитой вакили Чжан Пэнчунь ва ливанлик дипломат ҳамда файласуф Шарль Маликдан иборат Ишчи гуруҳ Декларация матнини тажрибали юрист Ҳамфрига ишонишди.

Натижада кучли ва иқтидорли ёрдамчиларга эга бўлган Ҳамфри Декларация матнининг 48 моддадан иборат қоралама вариантини тайёрлайди. Бу вақтга келиб, Ишчи гуруҳ сафини Европа ҳамда Совет иттифоқи вакиллари эвазига кенгайтиришга қарор қилинади.

1947 йил 9 июнида Ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган таркиби ўз ишини бошлайди. Унга Рузвельт хоним, Чжан Пэнчунь, Малик ва Ҳамфридан ташқари Австралия, Буюк Британия, Чили ва Собиқ иттифоқ вакили ҳам кирди.

Таъкидлаш ўринлики, Ҳамфри ҳужжатнинг дастлабки матнини тайёрлашда ўша вақтдаги мавжуд мамлакатларнинг конституциялари, шу жумладан Буюк Британиянинг Эркинликлар буюк хартияси, АҚШ Мустақиллик декларацияси, Ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун, Франция Инсон ва фуқаро декларацияси каби ҳужжатлардан ҳам фойдаланганди. Фойдаланилган манбаларнинг кўплиги, ҳужжатда инсоннинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий каби кенг ҳуқуқлари қамраб олинишига имкон беради.

Дастлабки лойиҳа муҳокама қилинганидан сўнг, Ҳамфри ишлаб чиқувчилар таркибини тузишга қарор қилди. Бу сафар Рене Кассен, Шарль Малик, Элеонора Рузвельт ва Уилсон гуруҳ аъзоси бўлади. Лойиҳанинг иккинчи намунасини тайёрлаш ҳуқуқшунос ва ёзувчи Рене Кассенга ишониб топширилади. Кассен ўзига ишониб топширилган ишни 2 кунда муваффақият билан уддалайди. Унинг вазифаси ҳужжат матнига аниқ ва тушунарли кўриниш, тузилма бериш эди. Ҳамфри қораламасидан мантиқан бир-бирига боғланган ҳужжат пайдо бўлади.

Кассен лойиҳага тузилма кўринишини бериш учун муқаддима ёзишига тўғри келди. 6та кириш моддаси қўшилади. 32та модда 8 гуруҳга тақсимланади. Бундан ташқари, ҳужжатни қўллашга доир иккита якуний низом ҳам қўшилади.

Шундай қилиб, Декларациянинг 1-2-моддалари пойдевор вазифасини бажариб, инсон ғурури, озодлиги, тенглиги ва биродарлигини қайд этган. Муқаддиманинг 7-хатбошиси Декларация қабул қилинишидан кўзланган мақсадни ва сабабларини эълон қилади. Ҳужжатнинг асосий матни, таъбир жоиз бўлса, унинг 4та устунини ташкил этади. 3-11-моддалардан иборат биринчи устуни шахснинг яшаш ҳамда қулликнинг тақиқланишига ўхшаш ҳуқуқларини изоҳлайди. 12-17-моддалардан иборат иккинчи устун шахснинг фуқаролик ва сиёсий жамиятдаги ҳуқуқларини эътироф этади. Учинчи устун (18-21-моддалар) маънавий, жамоатчилик ва сиёсий эркинликлар, хусусан, диний эркинлик ва уюшмаларга аъзолик эркинлиги кабиларни ўз ичига олди. Тўртинчи устун эса, (22-27-модда) ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларни белгилаб беради.

1947 йил 17 июнида Кассен намунаси Ишчи гуруҳга ҳавола қилинди. Қисман қайта ишланган лойиҳа 1947 йил декабрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Женевада тўпланган Комиссиясига тақдим этилди. Сессияда кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан Америка меҳнат федерацияси, Парламентлараро иттифоқ, Халқаро қизил хоч жамияти, Халқаро аёллар кенгаши кабиларнинг вакиллари ҳам қатнашди. Э.Рузвельтнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, Декларация лойиҳаси қисқа муддатда жиддий муҳокама қилиниб, ягона тўхтамга келинган намунаси тасдиқланди.

Фото: Элеонора Рузвельт

Сессияда кўриб чиқилган энг муҳим масалалардан бири - Декларацияга унда қайд қилинган қоидаларга амал қилинишини назорат қилиш имконини берувчи инструментларни қўшиш масаласи бўлди. Ҳиндистон ва Австралия вакиллари бусиз ҳужжат ҳеч қандай юридик кучга эга бўлмаслиги, уни бузган киши жазосиз қолишини таъкидлашди. Улар инсон ҳуқуқларига риоя қилмаганликка доир жавобгарлик бандини ё Декларациянинг ўзига қўшишни ёки бу каби ҳолатларни кўриб чиқадиган халқаро трибунал ташкил этишни таклиф қилишди.

Шунингдек, энди ташкил этилган давлатлар қарашлари йирик давлатлар нуқтаи назарларига мос келмади. Собиқ мустамлакалар Декларацияда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳуқуқий асосни кўришни исташар эди. Йирик давлатлар эса, ҳаддан ортиқ кескин қоидалар уларнинг жамиятида бирдамлик йўқолишига замин туғдиришидан хавотирда эди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, Декларациянинг Geneva draft деб номланган учинчи лойиҳаси тайёр бўлди.

Комиссиянинг 1948 йил май ойида Нью-Йоркдаги мажлисида ҳам ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш давом этиб, 18 июнда якунланди. Лойиҳа 12та «тасдиқ», 0 «қарши» ва 3та бетараф овоз эвазига қабул қилинди. Декларацияни тасдиқлаш учун овоз босқичма-босқич тарзда ўтди. 31та модданинг 23таси бир овоздан маъқулланди. 3-модда эса, 2-модда таркибига киритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг Франциянинг Пале-де-Шайо қароргоҳида бўлиб ўтган 183-пленар мажлисида ўша вақтдаги БМТга аъзо 58 давлатдан 48таси томонидан қўллаб-қувватланди. 1948 йил 10 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Белоруссия ССР, Украина ССР, СССР, Чехословакия, Польша, Югославия, Жанубий Африка иттифоқи ва Саудия Арабистони бетараф қолган, Гондурас ва Яман иштирок этмаган. Канада Декларацияни даставвал рад этган бўлса, кейинчалик уни тасдиқлади.

Социалистик лагерь давлатлари Декларацияни эркин эмиграция ҳуқуқини (инсон ва фуқароларнинг мамлакатдан кўчиб кетиш ҳуқуқи) эътироф этишни хоҳламаганлари сабаб рад этишди. Жанубий Африка иттифоқи ва Канада ирқий мазмунни рўкач қилишган бўлса, Саудия Арабистони динга эътиқод қилиш эркинлиги ва никоҳ тузиш эркинлиги тан олинмагани сабабли Декларацияни рад этди.

Аввалбошданоқ қайд этганимиздек, Декларация мажбурий эмас, балки тавсиявий мақомга эга. Бироқ унинг негизида халқаро мажбурий бўлган иккита ҳужжат қабул қилинган. Булар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт. Ўзбекистон мазкур ҳужжатларга 1995 йилда қўшилган. Ўтган йиллар мобайнида Декларация одатдаги ҳуқуқий меъёрлар мақомига эга бўлган бўлса, айрим давлатлар ҳамон уни қисман тан олади.

1950 йили БМТ Декларация қабул қилингани муносабати билан 10 декабрни Инсон ҳуқуқлари нишонланадиган кун сифатида белгилади. Уни турли инсонлар, жамиятлар ва диний уюшмалар, парламентлар, ҳукуматлар ва албатта БМТ ҳам ишонлайди.

Интернет маълумотлари асосида Толиб Раҳматов тайёрлади

Мавзуга оид