Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Бош ассамблеяси раҳбари Бербок БМТ низомига амал қилишга чақирди
Украинадаги уруш, Ғазо сектори ва бошқа можаролар фонида “дунёга БМТ керак”, — деди БМТ Бош ассамблеяси раиси Анналена Бербок Европарламентда нутқ сўзлар экан.
Фото: Frederick Florin/AFP/Getty Images
БМТ Бош ассамблеяси раиси, Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Анналена Бербок сешанба куни, 10 февралда Страсбургда Европарламентда нутқ сўзлаб, жаҳон ҳамжамиятини Бирлашган Миллатлар Ташкилотини қўллаб-қувватлашга ва унинг низомига амал қилишга чақирди. “Жаҳон тартиби шунчаки босим остида эмас — унга ҳужум қилинмоқда, — деди Бербок. — Дунёга БМТ керак, ва айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига дунё керак”.
Страсбургда инглиз тилида сўзлаган нутқида Германия ТИВнинг собиқ раҳбари Украинадаги уруш, Ғазо сектори ва Судандаги урушлар, шунингдек Венесуэла ва Эрондаги инқирозлар ҳамда Гренландия атрофидаги баҳсни тилга олди. Бербокнинг таъкидлашича, БМТ айниқса зарур бўлган вазиятда, “тинчлик ва хавфсизликни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида масъулиятга эга бўлган кучлар ҳам ундан юз ўгирмоқда”. Бироқ у тўғридан тўғри на АҚШни, на Россияни тилга олган.
Анналена Бербок Евроиттифоқни БМТ устави ҳамда қоидаларга асосланган жаҳон тартибини ҳимоя қилиш ва илгари суриш учун “минтақалараро алянс” тузишга чақирди. У БМТ молиялаштирилиши билан боғлиқ муаммоларни эслаб, бу муаммолар, унинг сўзларига кўра, “ликвидлик инқирозига айланиб, экзистенциал таҳдид келтириб чиқармоқда”, деб айтди ва Европа давлатларини ташкилот бюджетига ўз бадалларини ўз вақтида тўлашга чақирди.
Антониу Гутерриш ўрнига янги БМТ бош котибини танлаш жараёни аллақачон бошлангани фонида Бербок аёл номзодларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу муносабат билан у ҳозирги Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенни ҳам тилга олди — Бербокнинг фикрича, унинг раҳбарлиги остида ЕИ “янада кучлироқ” бўлган.
Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеяси раиси лавозимига 2025 йилда, Германияда ҳукумат алмашганидан кейин тайинланган.
Январ ойи охирида АҚШ президенти Доналд Трамп Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида “Тинчлик кенгаши” деб аталувчи халқаро органни ташкил этди. Кўплаб кузатувчилар бу тузилмани БМТ учун эҳтимолий рақобатчи сифатида қабул қилди.
Ҳозир “Тинчлик кенгаши” Ғазо сектори бўйича тинчлик режаси бажарилишини кузатиш билан шуғулланмоқда. Бироқ, унинг низомидан келиб чиқиб, фаолият доираси бошқа можаро ҳудудларига ҳам кенгайтирилиши мумкин.
Мавзуга оид
20:18 / 07.02.2026
«Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилиши 19 февралда бўлиб ўтади – ОАВ
15:14 / 06.02.2026
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари: “Биз — тирик қолиш режимидамиз”
22:43 / 30.01.2026
БМТ «муқаррар молиявий инқироз» хавфи остида экани маълум бўлди
08:53 / 24.01.2026