Ўзбекистон | 10:59 / 21.11.2018
29283
3 дақиқада ўқилади

Фото: Сирдарёда шифокорлар ҳам қасамёд қилишди

Сирдарё вилоятида фермерлар ҳоким ва прокурорлар қаршисида қасамёд қилиши ортидан навбат сирдарёлик шифокорларга келди.

Ижтимоий тармоқда Сирдарёда тиббиёт ходимларининг «қасамёд маросими» тасвирлари тарқалди. Тиббиёт ходимларига «президентга содиқлик ва ножўя ишларни қилмаслик» ҳақидаги қасамёд матни ўқитилган.

«Мен, Ўзбекистон Республикасининг шифокори, Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан соғлиқни сақлаш йўналишида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни амалиётга татбиқ этиш, аҳолининг тиббий хизмат сифатидан баҳрамандлик даражасини янада ошириш, мавжуд энг замонавий тиббий технологияларни қўллаган ҳолда халқимизга муносиб тиббий хизмат кўрсатишга қасамёд қиламан!

Ўзимнинг бор билимим ва иқтидоримни инсон сиҳат-саломатлигига, касалликларнинг олдини олишга бахшида қилишга ваъда бераман. Ўз салоҳиятим, маҳоратим ва малакамни тинмай ошириб боришга, камтар ва камсуқум бўлишга, зарур бўлганда бемор фойдаси, яъни унинг олий неъмати - соғлиғини сақлаб қолиш учун фидойилик кўрсатишга, беморларнинг энг нозик ҳис туйғулари ва руҳиятидан доимо воқиф бўлиб туришга, улар дардига дармон бўлишга қасамёд қиламан!

Ўзимнинг маслагим, сўзим ва бажараётган ишим орқали одамларга фақат яхшилик қилишга хизмат қиламан. Ўз фаолиятимда касбимга ва ватанимга садоқат билан хизмат қилишга, коррупция ва тамагирлик сингари иллатларга йўл қўймасдан пок ва ҳалол ишлаб, халқимнинг ҳурмат ва эътиборини қозонишга, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиб, касалликлар профилактикаси, диагностикаси, давоси ҳамда реабилитациясининг сифатли ва самарали ўтказилишига бор куч ва ғайратимни аямайман, деб қасамёд қиламан!», дейилган қасамёд матнида.

Бундан аввалроқ сирдарёлик фермерлар қасамёдидан кейин «Kun.uz»да эълон қилинган «Фермер қасамёд қилиши лозимми?» сарлавҳали мақолада шундай дейилганди: «Шахсни маънан чеклаш, қасамга таяш — маълум ишларга мажбурлаш учун уни маънан тор «хона»га солиб мақсадга эришишга уриниш тоталитар тузумларга хос бўлган одатдир. Қизиғи шундаки, мазкур «чора»лар теппа-тескари натижа беради — чекловлар натижасида ривождан тўхтаган, шахсий сифатларига путур етган кишилардан иборат тизимлар тезда бузилиб, ишламай қолади ва ниҳоят, кенг қамровли бўҳронга юз тутади».

Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги, Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва бошқа тегишли идора ва масъул шахслар изоҳини кутиб қоламиз. 

Мавзуга оид