Шароф бобонинг оилавий кутубхонаси болалар билан доимо гавжум — видео
82 ёшли Шароф бобо Мамадалиев Самарқанд туманининг Талибарзуи Поён маҳалласида истиқомат қилиб келмоқда. Шароф бобо ўз хонадонида оилавий кутубхона очиб, тилларга тушди. Бу ҳақда KUN.UZ аввал ҳам ёзиб чиққан эди.
Кутубхонанинг асосий ташрифчилари мактаб ёшидаги болалардир. Чунки кутубхонадан фойдаланиш мутлақо текин.
— 25 невара, 45 чеваранинг бобосиман. Ўзимнинг невара-чевараларим кириб келса ҳам кутубхонам тўлиб тошиб кетади, — дейди Шароф бобо. — Ҳажга бориш ниятим бор эди. Лекин ёшим кетиб қолди, очиғи, энди умидимни уздим. Президентимизнинг сўзларидан илҳомланиб, халққа фойдам тегсин, дея ушбу кутубхонани ташкил этдим.
Шароф бобонинг асосий мақсади — ёш авлодда китобга, мутолаага меҳр уйғотиш. Айни пайтда кутубхонага ён атрофдаги етти маҳалладан катта-кичик китобхонлар келишмоқда.
Китобхонадаги китоблар сони 3000 донага яқинлашган. Улар тўрт тилдаги бадиий адабиётлар, турли энциклопедиялар, дарсликлар, болалар адабиёти намуналаридан иборат.
— Бу китобларнинг аксариятини ўзим ёшликдан ўқиб йиғганман. Чунки ёшликдан мутолаага меҳр қўйган эдим. Янгидан қўшилган китобларнинг катта қисми болалар учун мўлжалланган адабиётлардир. Кутубхонада Самарқанддаги «Китоб олами» дўкони, китобхонларнинг саъй-ҳаракати билан болалар учун мўлжалланган бадиий китобларни кўпайтиришга эришдик, — дейди Шароф бобо Мамадалиев.
Маҳалла аҳли, айниқса, болажонлар китобларни ўқишга олиб кетганидан сўнг, ўзлари ҳам кутубхонанинг кенгайишига ҳисса қўшиш мақсадида, китоб қўшиб қайтаришмоқда.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд туман кенгаши ва турли ҳомийлар кутубхона фондини бойитишда ёрдам кўрсатишмоқда. Шароф бобо ўз пенсияси ҳисобидан ҳам китоблар харид қилган.
Оилавий кутубхонада шахмат-шашка тўгараги ҳам йўлга қўйилган. Энг фаол китобхонлар ва шахмат-шашкачилар учун аълочилар тахтаси осиб қўйилган. Китобсевар болалардан бири ўзи ёдлаган шеърлардан айтди.
— Ўқиш учун олинган китобларни журнал юритиб қайд қилиб борамиз. Ҳар элликта китоб ўқиган болага фахрий ёрлиқ тақдим этилади. Унинг суратини аълочилар тахтасига жойлаштирамиз. Бу ҳам болаларнинг учун китоб ўқишида рағбат уйғотишда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Шароф бобо.
Фарзандлари ва саноғи йўқ набира-чеваралари қуршовида Шароф бобо ва умр йўлдоши Маҳбуба Мухторова билан кексалик гаштини ана шундай мароқли суришмоқда. Биз бундай хайрли ташаббус бошқаларга ўрнак бўлишини, юртимизнинг ҳар бир гўшасида палак ёзишини истаймиз.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024