Жаҳон | 08:45 / 22.11.2018
3956
2 дақиқада ўқилади

Мексикада юзлаб муҳожирлар ҳибсга олинди 

Фото: AP Photo / Marco Ugarte

Мексиканинг Чьяпас штатида навбатдаги муҳожирлар карвонига кирувчи камида 600 киши ҳибсга олинди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, Мексика федерал полицияси ва Миграция миллий институти ходимлари муҳожирлар Мексикада қолиш ва бошпана олиш учун ҳужжатларни сўрашдан воз кечганларидан кейин уларни ушлай бошлаган. 

21 ноябрда Сальвадордан яна бир муҳожирлар карвони Мексика ҳудудига етиб боргани ва чегарадаги Сучиате дарёсидан ўтгани маълум қилинди. Бироқ ундаги муҳожирлар сони 250 нафарга баҳоланган ва Мексика мутасадди идоралари қандай қилиб 600 кишини ушлагани тушунарсиз. Гап аввалроқ келган карвонлардаги муҳожирлар ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

Ҳозирда АҚШ томон Марказий Америкадан бир нечта муҳожирлар карвони йўл олмоқда. 

Мексика ички ишлар вазирлигининг охирги маълумотларига кўра, АҚШ билан чегарадаги Тихуана ва Мехикали шаҳарларида Гондурас, Гватемала ва Сальвадордан 5,6 минг муҳожир мужассам бўлган. Муҳожирлардан бир қисми ортига қайтиб кетди ёки Мексикада қолишга қарор қилди.

Бу орада 21 ноябрда Тихуанада гондураслик 17 ёшли муҳожир ҳалок бўлгани маълум бўлди. Таъкидланишича, у Тихуана ва Мехикали ўртасидаги йўлда машина томонидан уриб кетилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид