Ўзбекистон | 19:04 / 22.11.2018
7412
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида ўзгаришлар кутилмоқда

Бугун, 22 ноябрь куни, Тошкент давлат юридик университетида «Интеллектуал мулк» кафедрасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур кафедра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) генерал директори Френсис Гарри ташаббуси билан ташкил этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу кафедра интеллектуал мулкни муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича муайян таклифлар бериш, мазкур соҳада етакчи миллий ва халқаро ташкилотлар ва университетлар билан ҳамкорлик қилиш, молиявий ва техник таъминотни яхшилаш учун инвестиция жалб қилиш билан шуғулланиши кутилмоқда.

Кафедра фаолиятининг дастлабки маҳсули сифатида 2018 — 2019 ўқув йилининг иккинчи семестридан бошлаб, ТДЮУ магистрларига интеллектуал мулк ҳуқуқи ва ахборот хавфсизлиги фанларидан дарслари ўқитилиши белгиланмоқда.

– Илгари интеллектуал мулк бўйича университетимиздаги фуқаролик ҳуқуқи кафедраси ўқитувчилари дарс берарди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари ҳам шунга турдош фанларни ўқиб, ўрганишади. Эндиликда алоҳида ихтисослашган кафедрада дарсларнинг янада чуқурлаштирилган тарзда ўқитилиши таълим сифатини оширади. Дарслар фуқаролик ҳуқуқи кафедраси томонидан яратилган ўқув услубий қўлланмалар асосида ташкил этилиши кўзланган. Интеллектуал мулк мавзусида қатор тадқиқотлар олиб борилган, диссертациялар ёзилган. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Туриндаги академияси маълумотлар базасидан ҳам фойдаланишни режалаштирганмиз, – дейди «Интеллектуал мулк» кафедраси мудири Мадина Турсунова.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Кавказ, Марказий Осиё ва Шарқий Европа секцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Илья Грибов бу кафедранинг очилиши замон талаби эканлигини таъкидлайди.

«​Ҳозирги ахборот асрида одамларни моддий мулк эмас, балки номоддий — интеллектуал мулк қизиқтирмоқда. Дунёда айланаётган маблағнинг 50-60 фоизи ҳам айнан интеллект маҳсули ортидан топилмоқда. Шунинг ўзи ҳам интеллектуал мулк ва уни муҳофаза қилиш масаласининг аҳамиятини кўрсатиб беради»​, - дейди у.

Мавзуга оид