Спорт | 09:25 / 25.11.2018
21042
2 дақиқада ўқилади

Рамос ва Солари йирик мағлубиятга икки хил изоҳ берди

«Реал» ҳимоячиси Серхио Рамоснинг фикрича, жамоа аъзоларининг «Эйбар» клубига жиддий қарамагани якунда йирик мағлубиятга (0:3) сабаб бўлди.

«Биз керакли даражада ўйин кўрсатмадик. Ўзимизни оқлашга сабабимиз йўқ. Рақибни енгишга кучли истак ва тўғри муносабат бўлмас экан, оқибати шу бўлади.

Натижа салбий кўриниш олганда жамоа ўйинидаги динамика ҳам ёмонлаша боради. Жамоамиз ўйиннинг боришини ўзгартира олмади. Ҳаммаси хато кетди, аммо «Эйбар»ни табриклайман.

Ўйин таҳлил қилиниши керак. Муносабат тўғриланмас экан, ҳаммаси қийинлашиб бораверади. Жисмоний жиҳатдан биз қониқарсиз формада эмасмиз, бу ерда футболчилар томонидан ўйинга етарлича жиддий эътибор билан ёндашилмагани сабаб бўлди.

Бу таҳлилни мен бажаришга мажбур эмасман», - деб айтиб ўтган Рамоснинг сўзларидан иқтибос келтирди Marca.

Нашрнинг қўшимча қилишича, бош мураббий Сантьяго Солари ўйиндан кейин жамоа сардорининг мулоҳазаларига зид фикр билдирган.

«Футболчиларнинг ўйинга муносабати борасида муаммо бўлгани йўқ. Барча ўйинчилар меҳнат қилишди, жамоанинг ҳеч қайси аъзоси таслим бўлмади, деб ҳисоблайман.

Биз ўйин бошидаги курашларни бой берганимиз рост, аммо бу футболчиларнинг ўйинга эътибори суст бўлганини англатмайди», - деди Солари.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» «Эйбар» майдонида 16-, 52- ва 57-дақиқаларда тўп ўтказиб юборган эди.

Мавзуга оид