Жамият | 21:00 / 27.11.2018
176522
3 дақиқада ўқилади

Мурод Хонтўраевнинг офисига ҳужум видеолари тарқалди

Интернетда MMA жангчиси Мурод Хонтўраевнинг офисига уюштирилган ҳужумга оид видеолар тарқалди.

26 ноябрь куни соат тахминан 14:30лар атрофида Тошкентдаги «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Туркуаз») яқинида Хонтўраевнинг офисига арматура ва дубинкалар (резина таёқлар) билан қуролланган, қора кийим кийган ва ниқоб таққан шахслар ҳужум қилган.

Кузатув камераларига муҳрланган тасвирларда кўриш мумкинки, бино қаршисидаги автотураргоҳда оқ Cobalt  ва қора Lacetti тўхтайди ва ундан 10 киши тушиб, ичкарига отилади.

Иккинчи кадр бино ичкарисида олинган бўлиб, унда ичкаридагилар ҳужум қилувчилардан қочаётгани тасвирланган.

Маълум бўлишича, Хонтўраев ва офисда бўлган шериклари аввалига бостириб келганларни «давлат идораси ходимлари» деб ўйлашган.

Бостириб келувчилар Мурод Хонтўраев (1987 йилда туғилган, муқаддам судланган) ва Икром Саидовни (1988 йилда туғилган, муқаддам судланган) ўткир тиғли жисмлар, арматура бўлаклари, дубинкалар ва пневматик ўқотар қуроллардан фойдаланиб дўппослашган.

Воқеа жойида бўлган Хонтўраевнинг бошқа бир таниши Анвар Раҳимов (1984 йилда туғилган, муқаддам судланган) ҳужумдан қутулиб қолган.

Воқеа юзасидан ички ишлар органлари томонидан тайёрланган ва сурати интернетда тарқалган маълумотномага кўра, Хонтўраев «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9 та), иккала кўкрак усти соҳаси сидирилган жароҳати, чап тирсак соҳаси кесилган жароҳат» ташхиси билан 1-шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Айни вақтда спортчига ҳужум қилганларнинг шахси ҳали аниқланмади. Шу билан бирга, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «в» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) қўллаб безорилик содир этиш») билан жиноят иши қўзғатилган (бу модда бўйича айбдор деб топилганлар уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин). 

Ҳозирча на Ички ишлар вазирлиги ва на прокуратура Хонтўраев иши юзасидан расмий ахборот бермади.

Мавзуга оид