Ўзбекистон | 14:46 / 06.01.2022
39485
3 дақиқада ўқилади

Мурод Хонтўраев ўлими бўйича очилган иш тугатилди. Gentra’га етказилган зарар суғурта ҳисобидан қопланади

Автоҳалокат қурбони бўлган Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраевнинг ўлими бўйича очилган жиноий иш ҳодисада жиноят таркиби бўлмагани учун ҳаракатдан тугатилган. ЙТҲ иштирокчиси бўлган Gentra русумли автомобилга етказилган зарар Хонтўраевнинг BMW машинаси суғуртасидан қопланади.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Мурод Хонтўраев амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3, 4, 73, 77 ҳамда 79-бандлари талабларини қўпол равишда бузгани аниқланган.

Қайд этилишича, марҳум ММА жангчиси:

  • “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонун талабларига амал қилмаган;
  • йўл ҳаракати қатнашчилари, хусусан, Gentra русумли автомашина ҳаракатланишига хавф туғдирган;
  • ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб кетаётган автомашина орқасидан ҳамда чап томонлама (бетон тўсиққа нисбатан) хавфсиз оралиқ масофа сақламаган;
  • ҳаракатланиш вақтида аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келганда транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўрмаган;
  • аҳоли пунктларидан ташқарида енгил автомобилга рухсат этилган тезликни соатига 100 километрдан оширгани натижасида фақат ўзи оғир тан жароҳати олиб вафот этган.

Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хулосасига кўра, Мурод Хонтўраев ЙТҲ оқибатида вафот этгани, у билан бирга бўлган ёки ЙТҲнинг бошқа иштирокчиларига ўртача, оғир жароҳат етмагани ҳамда ўлим ҳолати кузатилмагани сабабли спортчининг ўзи айбдор деб топилган. Шу муносабат билан жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, 1987 йилда туғилган Мурод Хонтўраев 2021 йилнинг 19 июль куни ўзининг бошқарувидаги BMW автомобилида автоҳалокатга учраб вафот этганди. Ҳодиса Бўстонлиқ тумани, Қоронқул қишлоғи ҳудудидан ўтган 4Р6 “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган.

Ўлимидан олдин ММА жангчиси ўзи билан бир йўналишда, олдинда ҳаракатланиб кетаётган Gentra русумли автомашинанинг орқа чап бурчагига тўқнашган. Натижада спортчи бошқарувни йўқотиб, машина ағдарилган, ҳайдовчи Мурод Хонтўраев олган жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этганди.

Автомашина олд ўриндиғида бўлган йўловчи 1995 йилда туғилган Жасурбек Анарбоев ҳам ЙТҲ оқибатида жароҳат олган, бироқ унинг жароҳати енгил бўлиб чиққанди.

Хонтўраев MMAдаги профессионал фаолиятини 2013 йилда бошлаган, халқаро ареналарда натижа кўрсатиб, «Осиё айиғи» лақаби билан машҳур бўлган. У жами 15та жанг ўтказиб, шундан 12тасида ғалаба қозонган, учта жангда мағлуб бўлган, яна бир жанг натижаси бекор қилинган.

Мавзуга оид