Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Футзал бизга керак эмасми? – ЎФА футзалчилар инқирозини ёритмади
Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати U20 мусобақасининг Марказий минтақа саралаш баҳслари ўзбекистонликлар учун шармандали тарзда тугади.
В гуруҳида иштирок этган Ўзбекистон футзалчилари Қирғизистон ва Тожикистондан кейин, охирги ўринни эгаллаб, Осиё чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолишди. Бу ҳақда мана бу хабарда ўқиб олиш мумкин.
Бу ҳолат ЎФА сиёсатидан зада бўлган футзалчиларнинг атайин қилган ишими ёки мураббийларнинг ҳисоб-китобдаги нўноқлигимиди?
Аммо қизиқ жиҳати шуки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёш футзалчиларнинг шармандали инқирози ҳақида ўз сайтида бир оғиз ҳам ёзмади. Гўё бу воқеа бўлмагандек.
ЎФА сайти хабарлар лентасига назар ташлайдиган бўлсак, бунга гувоҳ бўламиз.
3 декабрь куни Ўзбекистон футзалчиларининг Тожикистонга қарши майдонга тушиши ҳақидаги хабар жойлаштирилган. Бу ўйинда ўзбекистонликлар 2:7 ҳисобида мағлуб бўлиб, Осиё чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолишди. Аммо, бу ҳақдаги хабарни расмий сайтда топмайсиз.
Лентани кузатадиган бўлсак, унда ЎФА Кубоги ғолибларининг тақдирланиши, ўша маросимдан фотогалерея, Умид Аҳмаджоновнинг хорижга иш сафари, Эктор Купер билан матбуот анжумани ҳақидаги хабарлар бор.
4 декабрь куни эса Осиё чемпионати U20 саралашида учинчи йўлланма учун ўйин ўтказилиши ёзилган: унда Афғонистон ва Тожикистон беллашади. Хабарда Ўзбекистон футзалчиларининг мағлубияти ҳақида бир оғиз гап йўқ.

Балки, ЎФА бу мағлубиятни эътиборсиз қолдириш билан, ўзбекистонлик мухлисларнинг кайфиятини туширмасликка, нохуш хабарларни тарқатмасликка ҳаракат қилган бўлиши мумкин. Балки, сўнгги 1 йил давомида футзалнинг ҳеч кимга керак бўлмай қолгани туфайли, бу натижанинг ҳам ҳеч қандай аҳамияти йўқ деб ҳисоблаётган бўлиши мумкин, билмадик.
Аммо, сўнгги 1 йил ичида ЎФА томонидан футзалга нисбатан чиқарилган қарорлар иккинчи хулосамизда жон бор эканига ишонтирмоқда.
2018 йил бошида Ўзбекистон футзал ассоциацияси фаолияти тўхтатилди. Футзал клублари эса Суперлига жамоаларининг ихтиёрига ўтказилди. Натижада, «Ардус», «Когон-ёғ», «Максам Чирчиқ» каби кичик, аммо анча тажрибали футзал клублари йўқолиб кетди. Ваҳоланки, улар бақувват ҳомийларга эга жамоалар эди.
Суперлига клубларига эса нафақат футзал жамоалари, балки аёллар жамоалари ҳам юклатилди. Шундан сўнг, ўзи шундоғам молиявий тарафлама жуда қийналиб қолган клублар, аёллар ва футзал жамоаларини номигагина фаолият юритишини таъминлай бошладилар. Оқибатда футзал чемпионатининг савияси кескин пасайди.
Натижалар эса ўзини узоқ куттирмади. Олмалиқнинг ОКМК клуби Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида барча ўйинларни ютқазиб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Ўзбекистон U20 эса ўз мухлислари олдида Осиё чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди.
Қизиғи шундаки, Ўзбекистон U20 Осиё чемпионати саралаш мусобақасида иштирок этиш учун ўз вақтида ҳужжат топширолмай (яна бир шармандалик), қуръадан тушиб қолган эди. Фақатгина ОФК саралаш ўйинларини қабул қилувчи мамлакатни топмаганидан сўнг, Ўзбекистонни мусобақага қўшишга мажбур бўлган эди.
2016 йилда Ўзбекистон футзалчилари Колумбияда ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, яхши таассурот қолдиришганди. Аммо, футзалга бўлган муносабат ўзгармаса, нафақат жаҳон чемпионати, балки Осиё чемпионатлари ҳам биз учун армонга айланиб қолиши шубҳасиз. Бу борадаги илк қадамлар «ташлангани»га гувоҳ бўлиб турибмиз.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
20:54 / 10.03.2026
Хосе Мария Мендес Ўзбекистон футзал миллий жамоаси бош мураббийлигига қайтди
22:40 / 30.01.2026
Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Осиё Кубогида Австралияни мағлуб этди
19:02 / 28.01.2026
Ўзбекистон футзал миллий жамоаси Осиё Кубогини дуранг билан бошлади
18:25 / 24.02.2025