13:30 / 08.12.2018
12317

Ўзбекистонда декоратив қуёш панелларини ўрнатиш таклиф этилди

Фото: Pinterest

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида декоратив қуёш панелларини ўрнатиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда шаҳримизни обод қилиш ва замонавий руҳ бериш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

“Қаердадир пластик дарахт ёки ҳайвонлар шакли, бошқа ерга «I love ... », деган ёзувлар ўрнатилган. Ўйлаб кўринг, бу воситалар қанчалик самарали? Бундай нарсалар хорижий мамлакатларда ҳам мавжуд, шу сабаб улар сайёҳларнинг эътиборини тортиши даргумон. Шаҳарни замонавий ва ноодатий тарзда гўзал қилиш учун Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва шу каби буюк сиймоларимиз ҳайкаллари олдигa турли шаклдаги (гул, глобус, девор ва ҳ.к.) қуёш панелларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади”, - дейилади мурожаатда. 

Билдирилишича, бу қуёш панелларидан йиғилган энергия тунда кўчаларни, боғлар ҳудудини, йўлларни ёритиш учун фойдаланилиши, кундузи эса уларнинг олдида ҳордиқ олувчиларнинг қўл телефонларини қувватлантиришда фойдаланилиши мумкин. Бундан ташқари, турли шаклдаги қуёш панеллари сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортиши мумкин.

“Турли шаклдаги қуёш панелларини ишлаб чиқиш ва уларни хиёбонларнинг марказий қисмларига ўрнатишни таклиф қиламан. Бундай декоратив панеллар шаҳримизга ўзгача кўрк беради”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Top