Ўзбекистон | 12:00 / 12.12.2018
25753
2 дақиқада ўқилади

Мактаб филиаллари тушунчасига барҳам берилади

Бугун, 12 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Вазир Шерзод Шерматов, ўринбосарлари ҳамда бошқармалар раҳбарлари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорли, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан халқ таълими тизимида олиб борилаётган амалий ишлар натижалари таҳлил қилинди.

Kun.uz мухбири хабар қилишича, вазирлик ўз олдига асосан чекка ҳудудларга хос бўлган мактаб филиаллари деган тушунчани йўқотишни мақсад қилган.

Халқ таълими вазирининг айтишича, қишлоқ ҳудудларидаги мактаб филиаллари алоҳида мактабга айлантирилиши йўлга қўйилмоқда. Бу ишлар доирасида жорий йилнинг ўзида республика бўйлаб 43та мактаб филиали асосий мактабга айлантирилган.

Шунингдек, матбуот анжуманида жорий йилда 68та янги мактаб қурилгани айтиб ўтилган, нодавлат таьлим муассасалари сони бир йилда 2 баравар ортиб, 84тага етган.

Қайд этиш керакки, йил давомида ОАВда чекка ҳудудларда жойлашган кўплаб мактаб филиалларидаги оғир шароитлар ҳақида ўнлаб материаллар эълон қилинганди. Бундай филиаллар одатда узоқ масофадаги асосий мактабга қатнаши муаммо бўлган бошланғич синф ўқувчилари учун эски бинода (боғча ёки масжид биноси ўрнида ҳам) бир ёки бир неча хонадан иборат бўлган мактабларга айтилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид