23:24 / 12.12.2018
6759

Samsung Хитойдаги смартфонлар ишлаб чиқарувчи икки заводидан бирини ёпмоқда

Samsung компанияси Хитойдаги смартфонлар ишлаб чиқарувчи икки заводидан бирининг ишини тўхтатишини маълум қилди. Мутахассислар буни компания гаджетларининг Хитойдаги савдоси пастлиги билан боғлашмоқда. 

Counterpoint таҳлилий агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Samsung смартфонлари ҳиссасига Хитойдаги мобил телефонлар бозорининг бор-йўғи 1 фоизи тўғри келган. Бу кўрсаткич охирги 5 йилда жуда қисқариб кетган, ваҳоланки 2013 йилда компания ҳиссасига Хитойдаги савдоларнинг 15 фоизи тўғри келган. Айнан шу омил компаниянинг Тяньцзинь шаҳридаги заводи ёпилишига сабаб бўлгани эҳтимол қилинмоқда.  

Компаниянинг ёпилаётган заводида 2,6 минг хитойлик ишлаган. Компания раҳбарияти қисқартиришлар учун уларга товон пули тўлаб беришга ваъда берган. Бу заводда йилига 36 млн дона смартфон ишлаб чиқарилган. Компания бор эътиборини Хойчжоудаги иккинчи заводига қаратмоқчи. Бу корхонада йилига ўртача 72 млн дона қурилма ишлаб чиқарилади. 

Бу орада компаниянинг Вьетнамдаги заводларида йилига 240 млн смартфон ишлаб чиқарилади. Мутахассисларнинг фикрича, Жанубий Корея компанияси ҳозирда асосий эътиборини айнан Вьетнам ва Ҳиндистондаги заводларига қаратади.  

Top