Ўзбекистон | 17:40 / 14.12.2018
16059
4 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: «ОАВда кўрсатиб бўлмайдиган масалалар ҳам бор»

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган семинар-тренингда раислик қилган вазир Русланбек Давлетов «ОАВда инсон ҳуқуқларига риоя этишнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида сўзга чиқди. 

Вазир ўз нутқида таъкидлашича, ҳозирги кундаги кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан баъзи хатоликларга йўл қўйилмоқда.

«Булардан жиноятчиликни ёритишда айбсизлик презумпциясига риоя этмаслик ҳолатларидир. Яъни, бир жиноий ҳодиса ҳақида хабар берилмоқда ва шу хабарнинг ўзида бу инсонга жиноятчи тамғаси ёпиштирилмоқда. Айбни эса фақат суд белгилаб беради», дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Бундан ташқари, айрим журналистлар томонидан мавжуд қонунчиликни пухта билмаслиги сабабли, бир мақоланинг ичида жиноят қонунчиликларидан, айбсизлик презумпцияларидан мисоллар келтирилади, лекин масаланинг таг замирига қаралса, у фуқаролик муносабати ҳисобланади. Бундай нотўғри ҳолатлар аниқланса, интернет нашрларда тўғрилатаяпмиз, аммо ОАВ босма нашр бўлса-чи?

Интернет ва босма нашрларда жиноятчилик ҳақида кўплаб мақола ва хабарлар ёритилмоқда. Уларнинг айримлари жамиятда салбий оқибатлар ҳам келтириб чиқаради. Чунки баъзи бир масалалар борки, уларни ошкора, рўй-рост эълон қилиб бўлмайди. Бу ўша жиноятнинг ўзига хос рекламаси, ташвиқотига ўхшаб қолмоқда. Одамнинг юзини кўрсатиш масаласида ҳам қонунчилик оқсаб келмоқда. Қачон инсоннинг юзини кўрсатиш керак, қачон керак эмас, деган масала ҳамон очиқ қолмоқда. Бу бўйича жаҳон тажрибаси асосидаги таклифлар киритилади», деди  вазир.

Вазир шунингдек, журналистлар ҳолатни бир томонлама ўрганишаётгани бўйича эътироз билдириб ўтди. Журналистик суриштирув ўтказишда ҳамиша иккинчи томонни ҳам эшитиш таклифи берилди. 

Вазир шундай хатоликлар келиб чиқмаслиги учун оммавий ахборот воситалари Адлия вазирлиги билан бирга ҳамкорликда ишлашини таклиф этди.

«Бизнинг асосий вазифамиз қонунларни,  Президент ислоҳотларини халққа тўғри етказиб бериш», деди Адлия вазири. 

«Масалан, Боровский номидаги коллежда юз берган воқеада ҳам оммавий ахборот воситалари кўплаб хатоларга йўл қўйишганига гувоҳ бўлдик. Бу иш бўйича юзлаб версиялар пайдо бўлди. Гувоҳлар пайдо бўлди. Гувоҳлар ўзи чекланган эди. Гувоҳ — бўлиб ўтган воқеанинг кузатган одам ҳисобланади. Нашрларда «Гувоҳи бўлган одамдан эшитдим, аслида бундай бўлган экан», деган маълумотлар пайдо бўлди. Фуқаролар расмий маълумотларга ишонқирамай бошлашди. Бунга ҳам маълум бир объектив сабаблар бор: чунки, йиллар давомида коррупция, суд-ҳуқуқ тизимидаги ва қонун устуворлигини таъминлашдаги камчиликлар натижасида фуқаролар бошқа қулоққа ёқадиган версияларни эшитишни маъқул кўрадиган бўлиб кетишган», деди Руслан Давлетов.

Вазирнинг маълум қилишича, 2017 йилда туҳмат ва ҳақорат қилишда айбланиб 37 805 нафар фуқаро жавобгарликка тортилган бўлса, 2018 йил ярмининг ўзида 41 минг одам жавобгарликка тортилган.

Йиғилиш давомида Адлия вазири Kun.uz мухбирининг Андижон вилоят ҳокимининг ҳашар ҳақида чиқарган қарори ҳақидаги саволига жавоб берган: «Бу масалада тақдимнома киритилган. Қарорнинг тўғри жойлари ҳам бор, хато жойлари ҳам».
 

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид