Фан-техника | 09:00 / 16.12.2018
10681
2 дақиқада ўқилади

Apple компанияси iPhone X кўрсаткичларини ошириб кўрсатишда айбланди

Фото: Apple

Apple компанияси iPhone X модели экрани кўрсаткичларини ошириб кўрсатишда айбланди. Бу ҳақда Шимолий Калифорния округ судига берилган даъво аризасида айтилган.

Икки арзчининг таъкидлашича, компания ушбу моделдаги смартфон экрани кўрсаткичларини нотўғри кўрсатган. Apple маълумотларига кўра, экран ўлчами 5,8 дюймни ташкил қилади. Арзчилар эса ушбу кўрсаткичнинг ҳақиқий қиймати 5,6875 дюймни, яъни кўрсатилгандан камроқни ташкил қилишини таъкидлашган. 

Бундан ташқари, компания экраннинг кўрсатиш қобилиятини ҳам нотўғри кўрсатган. Компанияда таъкидланишича, бу кўрсаткич 2436 x 1125 пикселни ташкил қилади, бироқ арзчиларнинг фикрича, аслида у пастроқ қийматга эга. Шунингдек, ҳамма пикселларнинг ҳам қизил, яшил ва кўк субпикселлари бор эмас. 

Аввалроқ iPhone’нинг янги моделлари SquareTrade компанияси ўтказган мустаҳкамликка синовдан ўта олмагани маълум бўлганди. Синовлардан бирида телефон 182 сантиметрлик баландликдан олд ва орқа томони билан ташланган. Биринчи ҳолатда iPhone Xs ва Xs Max жиддий шикастлар олган. Xs олд томони билан ташланганда унинг ойнаси деярли тўлиқ синган, Xs Max’никини эса дарз қоплаган. Натижада мутахассислар смартфон “зарбаларга, айниқса тушиб кетишларга бардошсиз экани” ҳақидаги хулосага келишган.

Мавзуга оид