Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссия фаолияти тикланади
2018 йилнинг 17 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Австрия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Австрия Республикасининг Европа, интеграция ва ташқи ишлар масалалари бўйича Федерал вазирлигининг сиёсий директори Александр Маршик бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари иштирок этди.
Учрашувда икки томонлама муносабатлар ҳолати ва уни кенгайтиш истиқболлари батафсил ўрганиб чиқилди, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича мавқелар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, ташқи сиёсий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши давлатлараро муносабатларни янада ривожлантириш учун аниқ шароитлар яратади, бу эса икки мамлакат миллий манфаатларига мос келади.
Суҳбат чоғида турли даражалар ва шакллардаги Ўзбекистон-Австрия учрашувларини ташкиллаштириш, жумладан, 2019 йилда қўшма бизнес-форум ўтказиш, охирги мажлиси 5 йил олдин ўтказилган Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини қайта тиклаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатлар салоҳиятини татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилиш чоғида 2018 йилнинг 9 ойи мобайнида товар айланмаси 71 млн АҚШ долларидан ошиб, бутун 2017 йилга қараганда учдан бирига кўпроқни ташкил этгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Австрия ишбилармон доиралари иштирокида муҳим инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Австриядан бир қатор мутахассислар Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига маслаҳатчи сифатида ишга қабул қилинган.
Учрашувда умумий кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Маслаҳатлашувларда Австриянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Алоис Краут иштирок этди.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Германия фуқаролигини олган чет элликлар сони рекорд даражага етди
19:52 / 03.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия федерал канцлери билан учрашди
22:50 / 01.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия ва БМТ раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
20:19 / 01.06.2026