Иқтисодиёт | 10:21 / 17.12.2018
13840
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 11 ойлик ташқи савдо айланмаси 28,6 млрд долларни ташкил этди

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

2018 йил январь-ноябрь ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 28 664,7 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,6%га ўсди.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, экспорт ҳажми 11 324,0 млн. АҚШ долларга (3,2%га камайган) ва импорт ҳажми 17 340,7 млн. АҚШ долларига (ўсиш суръати 36,8%) етди. Ташқи савдо салдоси минус 6 016,7 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

2018 йил январь-ноябрь ойларида республика ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар кетма-кетлиги жорий йилнинг январь ойидан буён деярли ўзгаришсиз қолмоқда.

2018 йил январь-ноябрь ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 38,2%ни ташкил этди ҳамда ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,4%га ошди. Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-ноябрь ойларида 61,1%ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида эса ташқи савдо айланмасидаги улуши 61,8%га етди.

2018 йил январь-ноябрь ойларида экспорт ҳажми 11 324,0 млн. АҚШ долларга (3,2%га камайган) тенг бўлди. экспорт таркибида товарлар 75,5% улушга эга, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (21,0%), озиқ-овқат маҳсулотлари (9,0%), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,3%) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида импорт ҳажми 17 340,7 млн. АҚШ долларига (ўсиш суръати 36,8%) тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар (41,9%), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,2%) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (8,2%) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.

Мавзуга оид