22:26 / 20.12.2018
4654

«Demo Day»: энг яхши стартаплар муаллифлари мукофотланди 

Ёшлар иттифоқи пресс клубида «Demo Day» – «Стартап ғоялар» дастурининг финал босқичи ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Финал босқичида ҳакамлар ҳайъати ва инвесторлар томонидан қуйидаги лойиҳалар энг яхши деб топилди:

«Little Big Media» - тадбиркорларга ўз маҳсулоти рекламасини бевосита супермаркет аравачасининг ўзида бериш хизматини таклиф этади. Бунда истеъмолчи харид чоғида аравачага ўрнатилган гаджетда маҳсулотлар рекламасини кўради ва ўша пайтнинг ўзида харид қилиши мумкин бўлади. (ғоя муаллифи Ҳумоюн Ғуломов).

«Startupmarket.uz» - ҳозиргача яратилган ва яратилажак лойиҳалар ҳақида маълумотларни ягона порталга жамлаш, стартапер ва ҳомийлар ўртасида узлуксиз алоқани таъминлашни мақсад қилади (ғоя муаллифи Улуғбек Исматов).

«UniBus» - жамоат транспортларида қанча йўловчи чиққанлиги, улардан қанчаси ойлик тўлов чиптасидан фойдаланишини назорат қилувчи қурилма ўрнатишни кўзда тутади. Бу йўлкирадан келадиган тушумнинг тўлиғича ғазнага тушишини, чиптачи ва ҳайдовчи аралашувини чеклашни таъминлайди (ғоя муаллифи Шаҳзод Умрзоқов).

«Innogroup» - жисмоний имконияти чекланганлар учун бионик қўл яратишни кўзда тутган бўлиб, сунъий интеллект орқали бошқарилади. Мазкур ускуна имконияти чекланганларга қулайлик яратади (ғоя муаллифи Алибек Жуманиязов).

«Scratch» – визуал ўйинлар орқали болаларга дастурлаш ва ахборот технологиялари билан ишлашни ўргатишни назарда тутади. Бу дарс жараёни қизиқарли ўтиши ва ўқувчиларда IT бўйича кўникма шаклланишига асос яратади (ғоя муаллифи Александр Горовик).

Юқоридаги беш лойиҳа 40 миллион сўм билан рағбатлантирилди, ғоя муаллифларига смартфон ҳамда бизнес ва ривожланиш бўйича семинарларда бепул қатнашиш имкониятини берувчи сертификат топширилди. Бундан ташқари, инвесторлар ўзларига маъқул бўлган лойиҳага ҳомийлик қилишлари мумкин. 

«Стартап ғоялар» БМТнинг тараққиёт дастури (UNDP) ва Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ҳамкорлиги доирасида йўлга қўйилган дастур бўлиб, у олий таълим муассасаси талабалари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва йўлга қўйишга ёрдам беришни мақсад қилади.

Foto: Ёшлар иттифоқи пресс клуби
Foto: Ёшлар иттифоқи пресс клуби

2016 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган бу дастур доирасида ташаббускор ёшлар ўз лойиҳаси юзасидан суҳбат асосида танлаб олинади. Улар ўзларига бириктирилган мутахассислар раҳбарлигида лойиҳасини такомиллаштиради, унинг реал ишчи моделини яратади, бозор ва аудиторияни ўрганади. Ўқув семинарларида иштирок этиб, лойиҳанинг ҳуқуқий ва молиявий асосларини қандай ташкил этиш борасида кўникмага эга бўлади.

Иккиламчи саралашдан кейин 16 та стартапер жамоа финал босқичига йўл олади ҳамда инвесторларга ўзининг тайёр лойиҳасини намойиш этади. Лойиҳалар технологик нуқтаи назардан янгилиги, аниқ муаммони ҳал қилишга қаратилганлиги ва амалиётга жорий этиш имкониятининг мавжудлигига кўра баҳоланади. 

Дастур ташкилотчиси, савдо-саноат палатаси ва UNDPнинг «Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш» ҳамкорлик лойиҳаси менежери Усмон Раҳимжоновнинг айтишича, илгари Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган танлов бу гал бутун республикани қамраб олди. «Кейинчалик ихтисослашувига кўра стартаплар учун номинациялар белгилашни режалаштирганмиз», дейди у. 

Шунингдек, дастурда талабаларга контракт тўловини амалга оширишда қулайлик яратувчи «Kontrakt.uz» , саломатликда муаммо туғилганда бирламчи ташхис қўювчи «Tashxis.uz», ўзбек текстил маҳсулотларини четга импорт қилиш хизматларини таклиф қилувчи «UzCommerce» каби лойиҳалар иштирок этди.

Top