Ўзбекистон | 13:15 / 22.12.2018
11458
2 дақиқада ўқилади
Реклама

2019 йилда Тошкентда иккита муҳим лойиҳа ишга туширилади

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида келгуси йилда металл лист, сендвич панеллари, металл конструкциялар ва гранит тошлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти йўлга қўйилади.

Сергели туманидаги В.Л.Галперин номидаги Тошкент труба заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган труба маҳсулотлари нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам яхши таниш. Экспорт географиясини кенгайтириш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида корхона металл листларни ишлаб чиқаришни янада такомиллаштириш устида иш бошлади.

Ушбу лойиҳа доирасида Хитойдан замонавий технологик линия харид қилиниши режалаштирилган. Натижада заводда йилига 500 минг тонна металл лист ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 300 та янги иш ўрни яратилади. Эътиборлиси, келгуси йилнинг сўнгига қадар ишга туширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳага “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Хитой тараққиёт банки кредит линиялари орқали кредит маблағлари ажратилади.

Яшнобод туманидаги собиқ авиация заводига қарашли фойдаланилмай ётган биноларда иш бошлаган “Steel property construction” корхонаси ҳам пойтахтда қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчи муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Лойиҳа қиймати 40 млн. долларга тенг. Ишлаб чиқариш уч босқичда -дастлаб сендвич панеллар, кейин металл конструкциялари ишлаб чиқарила бошласа, сўнгги босқичда гранит тошларни кесиш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун корхонага Италия, Голландия, Жанубий Корея, Австрия давлатларидан зарур техникалар келтирилади, пойтахт аҳолисининг 300 нафари ишга жалб қилинади. 

Қайд этиш жоизки, “Steel property construction” корхонасида амалга ошириладиган мазкур йирик лойиҳани амалга оширишда "Ўзсаноатқурилишбанк" томонидан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади. Бунда “Ўзсаноатқурилишбанк” қошида ташкил этилган “PSB Capital” инвестиция компанияси лойиҳага 10 миллион долларлик сармоя киритади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид