Жаҳон | 07:31 / 22.12.2018
7271
1 дақиқада ўқилади

Барселона аэропорти янги ном олди

Фото: CC BY 2.0 / Iberia Airlines

Барселонадаги Эль-Прат аэропорти янги ном олди – эндиликда у Жозеп Таррадельяс номидаги аэропорт деб аталади. Бундай қарор Барселонада 21 декабрда ўтган Испания ҳукумати йиғилишида қабул қилинди.

Жозеп Таррадельяс 1954 йилдан 1977 йилгача Каталония женералитети ҳамда 1980 йилгача муваққат женералитет раҳбари бўлган.

Аэропорт шу кунгача у жойлашган муниципалитет – Эль-Прат-де-Льобрегат номи билан Эль-Прат деб аталиб келган.

“Ҳукумат Барселона аэропорти демократия давридаги женералитетнинг биринчи раиси номи билан аталиши учун уни қайта номлашга қарор қилди”, деб айтган Испания ҳукумати расмий вакили, таълим вазири Исабель Селаа.

Селаанинг айтишича, аэропортнинг қайта номланиши ҳақида Таррадельяс яқинлари, Каталония женералитетига хабар берилган. Аввалроқ женералитет вакиллари аэропортнинг қайта номланиши улар билан келишилмагани, бироқ “бунга қарши эмасликлари” маълум қилинган. 

Мавзуга оид