Ўзбекистон | 08:27 / 26.12.2018
5598
3 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида қовун етиштириш ҳажмлари кўпайтирилади 

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида қовун етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг Хоразм вилоятида қовун етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш бўйича таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгиланишича:

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” АЖ, Хоразм вилояти ҳокимлиги қовун етиштирувчи фермер хўжаликлари билан қайта ишловчи ва экспортёр ташкилотлар ўртасида маҳсулотларни харид қилиш бўйича ҳар йили 1 март кунигача шартномалар тузилади ва бўнак маблағлари ажратилади;
         
“Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖлари томонидан белгиланган тартибда фермер, деҳқон, иссиқхона хўжаликлари, кластерлар, илмий-тадқиқот муассасаларига қовун уруғлари ва маҳсулотларини етиштириш учун ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлари шартномалар асосида етказиб берилади;
         
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Хоразм вилояти хокимлиги билан биргаликда ҳар йили 1 июнга қадар фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан экилган қовун майдонларни назорат ўлчовидан ўтказади ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Қуйидагилар:
         
Хоразм вилоятида 2019-2020 йилларда қовун маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;

Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмай турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш учун 2019-2020 йилларда қовун жойлаштириш ва ялпи ҳосил прогноз кўрсаткичлари;
         
Хоразм вилояти туманларида 2019-2020 йилларда қовун экиш учун иссиқхоналар ташкил этиш прогноз кўрсаткичлари тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, қовун экинларини фермер хўжаликлари кесимида жойлаштириш ва экилишини таъминлайдилар.
     
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Фанлар Академияси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси:

дунёдаги ривожланган давлатларнинг қовун маҳсулотларини тур ва навлари бўйича импорт қилиш ҳажмларини ўрганиш ва ушбу давлатларнинг талабларидан келиб чиқиб, республикада қовун маҳсулотларини экспортга чиқариш;

вилоятда экспортбоп қовун етиштиришни йўлга қўйиш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига ва иссиқхонага мос, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли қовуннинг нав ва дурагайлар уруғларини хорижий мамлакатлардан олиб келиш юзасидан асосланган таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид