ФВВ: 1 йилда 15680 бош қаровсиз ит йўқ қилинган
2018 йил давомида Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат ветеринария қўмитаси, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўйича 5118та рейд ўтказилиб, 15680 бош қаровсиз ит йўқ қилинган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тиббий-биологик бўлими бошлиғи Абдсами Аҳматов Kun.uz'га маълум қилган.
Вазирлик вакилининг айтишича, жорий йилда ит сақлаш қоидаларини бузган 178 нафар фуқарога нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, 15,5 миллион сўм жарималар ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарорига асосан 2011 йил 1 августдан бошлаб шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузурида қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимларини ташкил этилганди.
Бўлим ходимлари кўчада қаровсиз қолган ҳайвонни (кўп ҳолларда бу мушук ёки ит) белгиланган тартибга кўра, 5 кун махсус қафасда сақлаб туради. Ҳайвоннинг эгаси қидирув эълон қилиб, қафасдаги ҳайвонга ҳеч ким даъво қилмаса, қаровсиз жонивор ухлатиш йўли билан йўқ қилинади.
Тошкент шаҳри мисолида, айни пайтда Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимида 39 ходим, жумладан шифокор, диспетчер, механик, ит тутувчи махсус ходимлар фаолият юритмоқда.
«1 кунда ушлаб келтирилган қаровсиз итлар 25-30 бошга етиб қолади. Уларнинг айримлари зотдор, яхши парваришланган бўлади. Шундай ҳайвонларни марказимизда 15 кунгача сақлаб турамиз. Қутурган, одамга ташланган итлар эса йўқ қилинади», - дейди бўлим ходими.
Журналист Наргис Қосимова ушбу ҳолатдан норози, у қаровсиз ҳайвонларни ўлдириш одамийликка тўғри келмаслиги, бу ҳолатга қонун билан чек қўйилиши тарафдори. Журналист ҳайвон эгасиз қолган бўлса-да, жонзотни жисмонан йўқ қилиш, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, деб билади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида айнан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахсга жазо қўлланиши ёзилган.
«Менинг фикрим» порталига петиция мурожаатини жойлаштирган Алан Пономарёв «қонун одамийлик маданияти ва ҳайвонларга бўлган муносабат учун жавобгарлик» ҳисини ошириши лозим, деб ҳисоблайди. Шу туфайли у ҳайвонларни қўллаб-қувватлаш учун Парламентга мурожаат этган. Петицияни Олий Мажлис депутатлари кўриб чиқиши учун 10 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаган.
Мавзуга оид
10:46 / 15.11.2024
Қоидабузарлик қилган ФВВ автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилди
19:07 / 12.11.2024
ФВВ автомобили вазирлик биносига киришда қўпол қоидабузарлик қилди
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
20:33 / 14.10.2024